Президент 7 апрелда тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этишга доир қарорни имзолади.
Ҳужжатда мамлакатимизда олий тиббий таълим соҳасини ислоҳ қилиш назарда тутилган. Хусусан, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:
а) тиббиёт олий таълим муассасаларининг даволаш (амалиёт) ишлари проректорлари (директор ўринбосарлари) бир вақтнинг ўзида ушбу олий таълим муассаса клиникаларининг бош шифокорлари ҳисобланади;
б) тиббиёт олий таълим муассасаларида:
- бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура ва клиник ординатура (резидентура) мутахассисликлари ўқув режаларидаги мутахассисликка оид бўлмаган фанлар улуши 2 баробарга қисқартирилади;
- клиник ординатурага (резидентурага) мақсадли қабул қилинган талабаларнинг битирув курсини вилоят даражасидаги тиббиёт муассасаларида ташкил этиш тизими йўлга қўйилади;
в) ҳудудларнинг шифокорларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда бакалавриатнинг «Даволаш иши», «Педиатрия иши» ва «Касбий таълим (даволаш иши)» йўналишлари бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул кўрсаткичлари доирасидаги мақсадли қабул параметрлари туман (шаҳар)лар кесимида шакллантирилади. Мазкур йўналишлар битирувчилари эса яшаш бўйича рўйхатга олинган жойидан қатъи назар, давлат гранти асосида мақсадли қабул параметрларида кўрсатилган туман (шаҳар)да камида 5 йил ишлаб беришлари керак бўлади.
Бунда тиббиёт кадрларига эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун бакалавриат ва магистратурага давлат гранти асосида ўқишга мақсадли қабул параметрлари 50%гача оширилади.
Бундан ташқари, кейинги ўқув йилидан бошлаб бюджет маблағлари ҳисобидан моддий рағбатлантириш даражаси оширилади:
биринчидан, таълим босқичидан қатъи назар, чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги халқаро сертификатга эга бўлган тиббиёт олий таълим муассасалари талабаларига (мутахассислик фанларни «қониқарли» баҳога ўзлаштираётган талабалардан ташқари) Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар ойлик стипендиясига базавий стипендия миқдорида (материал эълон қилинган пайтда – 428 минг сўм) қўшимча тўлов амалга оширилади;
иккинчидан, давлат тиббиёт муассасаларининг халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World Universities) рейтингидаги тиббиёт йўналишида биринчи 200 ўринни эгаллаган олий таълим муассасаларини битирган ходимлари лавозим маошига қуйидаги миқдорда ҳар ойлик қўшимча устама тўланади:
- клиник ординатура (резидентура) ва магистратура мутахассислигини тамомлаган ходимга – 7 МҲЭКМ;
- фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олган ходимга – 15 МҲЭКМ.
Олий тиббий таълим олишни истовчилар учун имконият кўпаяди. 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб жамоат саломатлиги ва санитария-эпидемиология назорати хизматлари соҳасида кадрларни тайёрлаш бўйича алоҳида тиббиёт олий таълим муассасаси ташкил қилинади. Мамлакатимизда Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети ҳамда Бахчишеҳир университетининг (Туркия) филиаллари ва клиникалари ташкил этилади.
Мамлакатимиздаги тиббиёт олий таълим муассасаларида халқаро рейтингларга кирувчи нуфузли хорижий тиббиёт таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида халқаро факультетлар, шунингдек филиаллар очилади.
Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер ва Акфа университетлари ҳамда тиббиёт олий таълим муассасаларида кейинги ўқув йилидан бошлаб соғлиқни сақлаш соҳаси учун менежер мутахассисларни (Master of Healthcare Administration) тайёрлаш бўйича магистрлик йўналиши жорий қилинади. Молия вазирлиги 2020/2021 ўқув йилида бундай мутахассисларнинг 20 нафарини давлат гранти асосида тайёрлаш билан боғлиқ харажатларни қоплайди.
Олег Заманов.