Президентнинг 04.04.2022 йилдаги «Осиё тараққиёт банки иштирокида автомобиль йўлларини реконструкция қилиш лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-189-сон қарори қабул қилинди.
2022 йил 25 мартда Ўзбекистон Республикаси ва ОТБ ўртасида “Миллий автомобиль йўлларини ривожлантириш” лойиҳасини (кейинги ўринларда – лойиҳа) амалга ошириш бўйича Қарз битими имзоланди. ОТБ Директорлар кенгаши томонидан “Миллий автомобиль йўлларини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш учун 273,8 млн АҚШ доллари миқдорида қарз маблағлари 4 йиллик имтиёзли давр билан 24 йил муддатга ажратиш маъқулланди. Улардан:
- 183,8 млн АҚШ доллари –“Сурхондарё” лойиҳасини амалга оширишга;
- 90 млн АҚШ доллари –“Бухоро” лойиҳасини якунлашга.
Лойиҳани амалга ошириш муддати 6 йилни (4 йил имтиёзли даврни инобатга олган ҳолда 2022–2027 йиллар) ташкил этади.
Ҳужжат билан белгиландики, лойиҳани амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш, ОТБнинг қарз маблағларидан мақсадли фойдаланиш юзасидан масъул ижро этувчи орган Автомобиль йўллари қўмитаси ҳисобланади. Унинг ҳузурида лойиҳани амалга ошириш гуруҳи ташкил этилди. Қўмита раисига лойиҳа доирасида ОТБ билан лойиҳа битимини имзолаш ваколати берилди.
ОТБнинг қарз маблағларини сўндириш, шунингдек, фоиз, қарз бўйича комиссия ва бошқа тўловлар билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- “Бухоро” лойиҳаси доирасида ОТБ томонидан ажратиладиган қарзни сўндириш, фоиз ва комиссия тўловларини амалга оширишнинг прогноз жадвали;
- “Сурхондарё” лойиҳасининг Техник-иқтисодий асосининг техник-иқтисодий кўрсаткичлари;
- ОТБ томонидан Сурхондарё” лойиҳасига ажратиладиган қарзни сўндириш ҳамда фоиз ва комиссия тўловларини амалга оширишнинг прогноз жадвали.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 04.04.2022 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова.