Президентнинг 2024 йил 27 июндаги «Паррандачилик соҳасини янада қўллаб-қувватлаш, замонавий генетик технологиялар ва кооперация тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-238-сон қарори қабул қилинди.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, «Паррандасаноат» уюшмаси ва «Микрокредитбанк» АТБнинг хорижий тажриба ҳамда кичик қувватдаги паррандачилик хўжаликлари билан кооперация тизимига асосланган «Агропарранда кластери» лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.
«Агропарранда кластери» лойиҳаси қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилади:
- чорвачилик соҳасини ривожлантириш учун жалб этилган халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 40 миллион АҚШ доллари;
- паррандачилик лойиҳаларини молиялаштиришга «Микрокредитбанк» АТБга йўналтирилган маблағлар ҳисобидан 35 миллион АҚШ доллари;
- лойиҳа ташаббускорининг 25 миллион АҚШ доллари.
Бундан ташқари:
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитасининг:
- 2030 йил 1 январга қадар паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари юридик шахслардан олинадиган ер солиғини (экин майдонларидан ташқари) тўлашдан озод этиш;
- 2024 йил 1 июлдан бошлаб парранда гўштини (ТИФ ТН коди 0207) экспорт қилишда мавжуд барча чекловларни бекор қилиш;
- 2024 йил 1 октябрдан бошлаб янги сўйилган, совитилган ёки музлатилган уй паррандаси гўшти ва қўшимча озуқабоп маҳсулотлари (бутун гўшт, қанот, бел, бўйин, окорочок, голен, сон, қийма ва тери) Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда белгиланган божхона божи бўйича берилган имтиёзни бекор қилиш;
«Паррандасаноат» уюшмаси ҳамда АТБ «Микрокредитбанк»нинг:
- республикада паррандачилик соҳасида, шу жумладан кооперация тизимида паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «тайёр бизнес» лойиҳаларини (келгуси ўринда — «тайёр бизнес» лойиҳалари) амалга ошириш;
- «Паррандасаноат» уюшмаси таъсисчилигидаги «Parranda investment» масъулияти чекланган жамияти томонидан республика ҳудудларида «тайёр бизнес» лойиҳаларини ишлаб чиқиш, молиялаштириш ва амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Паррандачилик соҳасини янада қўллаб-қувватлаш, замонавий генетик технологиялар ва кластер тизимини жорий этиш ҳамда наслчилик материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича ишчи гуруҳ таркиби ва унинг вазифалари;
- 2024 йилда парранда тухуми ва гўшти ишлаб чиқариш ҳажмлари прогноз кўрсаткичлари;
- 2024-2025 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида гўшт йўналишидаги йирик саноатлашган паррандачилик корхоналарини ташкил этиш қувватлари;
- Паррандачилик соҳасини келгусида ривожлантиришнинг устувор йўналишлари;
- Паррандачилик соҳасини ривожлантириш ва генетик технологияларни жорий этиш бўйича «йўл харитаси».
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.06.2024 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова