Халқ таълими вазирининг буйруғи (Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 9 июнда 2799-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Умумий ўрта таълим муассасасининг педагогик кенгаши тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди.
Низом талаблари барча умумтаълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилади.
Белгиланишича, педагогик кенгаш таълим муассасасида ўқув-тарбия жараёнини такомиллаштириш, шунингдек унинг фаолияти билан боғлиқ барча ташкилий масалаларни мувофиқлаштириш бўйича олий орган ҳисобланади.
Ҳужжатда педагогик кенгашнинг мақсади ва асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари батафсил қайд этилган.
Педагогик кенгаш таркиби умумтаълим муассасаси директори, унинг ўринбосарлари ва педагог ходимлардан иборат бўлади. Умумтаълим муассасасининг ҳар бир педагог ходими ишга қабул қилинган пайтдан бошлаб педагогик кенгашнинг аъзоси ҳисобланади. Педагогик кенгаш йиғилиши ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади. Заруратга кўра, навбатдан ташқари йиғилишлар ўтказилиши мумкин.
Умумтаълим муассасасида педагогик кенгаш фаолиятига оид қуйидаги ҳужжатлар бўлиши лозим:
халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимининг буйруғи билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим муассасасининг педагогик кенгаши тўғрисидаги низом;
педагогик кенгашнинг тасдиқланган иш режаси;
педагогик кенгаш йиғилиши баённомаларини қайд этиш дафтари;
педагогик кенгаш йиғилиши баённомалари;
педагогик кенгаш йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан таҳлилий материаллар.
Педагогик кенгаш йиғилиши баённомаларини қайд этиш дафтари доимий равишда, таҳлилий материаллар ва бошқа ҳужжатлар эса 3 йил мобайнида сақланади ҳамда тегишли архивга топширилади.
Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган.
Буйруқ Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 2016 йил 13 июндаги 23-сонида расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини
эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ
тайёрлади.