Вазирлар Маҳкамасининг 19.10.2015 йилдаги 297-сон қарори билан "Пенсия" дастурий мажмуи негизида пенсия таъминотининг янги ягона идоралараро интеграциялаштирилган ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш топширилди.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан пенсия ва ижтимоий нафақалар оладиган 2,7 миллиондан ортиқ пенсионерлар ва 237 минг фуқаролар бўйича ягона маълумотлар базасини ифодалайдиган автоматлаштирилган ахборот тизими – "Пенсия" дастурий мажмуи жорий этилди. Унинг воситасида пенсиялар ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш, ҳисоб-китоб қилиш, қайта ҳисоб-китоб қилиш, ҳисоблаш жараёнларини автоматлаштириш таъминланади.
_____________
Энг муҳими ҳақида қисқача! 2015-2017 йилларда кекса кишилар учун қулай бўлган, маълумотномалар ва тасдиқловчи ҳужжатларни қоғоз шаклида олишни истисно этувчи, шунингдек пенсиялар ва нафақалар тўлашга маблағларни ўз вақтида молиялаштиришни таъминлайдиган пенсия таъминотининг ягона идоралараро интеграциялаштирилган ахборот тизими (бундан буён матнда “Нафақа” тизими деб юритилади) жорий қилинади.
_____________
Ҳужжат билан “Нафақа” тизимини жорий қилишнинг режа-жадвали тасдиқланди, манфаатдор вазирлик ва идораларга эса уни тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини ташкил қилиш топширилди.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига жорий этиш тугаллангандан кейин 2018 йил мобайнида унинг фаолият кўрсатишини янада қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган сервер асбоб-ускуналарини харид қилиш бўйича тендер савдолари ўтказиш топширилди.
Елена ЕРМОХИНА,
эксперт-юристимиз.