Вазирлар Маҳкамасининг 7.06.2016 йилдаги 189-сон қарори билан фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тўғрисидаги низомда (19.02.2010 йилдаги 30-сон ВМҚ билан тасдиқланган) аниқлаштирилишича, Жамғарма боқувчисини йўқотганлиги туфайли тайинланган пенсияларга тўланган маблағларни ҳам регресс даъволар бўйича айбдор юридик ва жисмоний шахслардан белгиланган тартибда ундириб олишга ҳақлидир (илгари - меҳнатда майиб бўлганлик ёки касб касаллиги оқибатидаги ногиронлик туфайли тайинланган пенсияларга тўланган маблағларни ундириб олиш мумкин эди).
Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (8.09.2011 йилдаги 252-сон ВМҚга 1-илова) аниқлик киритилди, унга мувофиқ уруш ногиронларига ва уларга тенглаштирилган шахсларга умумбелгиланган ёшни 5 йилга камайтирган ҳолда имтиёзли шартларда пенсия тайинлашда пенсия тайинлаш учун зарур бўлган талаб этиладиган 5 йиллик иш стажи “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ аниқланади (эркаклар учун камида 25 йил; аёллар учун камида – 20 йил).
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ пенсияларни тўлашга харажатларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга (23.12.2014 йилдаги 357-сон ВМҚга 1-илова) киритилган ўзгартиришлар билан меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимларга пенсия тўлаш тартибига тузатишлар киритилди. Энди ташкилотлар пенсияларни тўлашга ўтган йил учун Пенсия жамғармасининг амалдаги харажатларини ҳар йили 1 февралгача тўлиқ қоплайдилар (илгари ташкилотлар аввал энг кам миқдорни, кейин эса фарқни қоплардилар).
Шунингдек ушбу Низомга киритилган нормага мувофиқ, тугатилаётган ташкилотнинг мол-мулки етишмаганлиги туфайли қондирилмаган қарздорлиги суммаси умидсиз солиқ қарздорлигини ҳисобдан чиқариш учун назарда тутилган тартибда ҳисобдан чиқарилиши керак. Бунда ушбу ташкилот бўйича харажатларни қоплаш суммасини бундан кейин ҳисоблаш умидсиз қарздорлик ҳисобдан чиқарилган санадан бошлаб тўхтатилади.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини
эксперт-юристимиз
Елена ЕРМОХИНА
тайёрлади.