Президентнинг 14.02.2018 йилдаги ПҚ-3528-сон қарори билан ИИО ходимларини босқичма-босқич табель ўқотар қуроли ўрнига электрошок воситалари билан таъминлаш назарда тутилган.
Уларни қўллаш тартиби ва шартлари тўғрисидаги таклифлар 2 ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Маълумот учун: электрошок воситалари – бу ҳуқуқбузарга электр разрядлари, қоидага кўра, юқори кучланишдаги ток билан контактли ёки контакт-масофали, ўлим ҳолатига олиб келмайдиган тарзда сериялаб таъсир этиш учун мўлжалланган техник воситалар.
“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонун билан электрошок воситалари ИИОда қўлланадиган махсус воситалар рўйхатига киритилган.
Электрошок воситаларидан қуйидаги ҳолларда фойдаланиш мумкин:
- фуқарога ёки ИИО ходимига қилинган ҳужумни қайтариш учун;
- жиноятга ёки маъмурий ҳуқуқбузарликка чек қўйишда;
- ИИО ходимига қаршилик кўрсатилишига чек қўйишда;
- жиноятни содир этиш чоғида ёки уни содир этганидан кейин дарҳол кўриб қолинган, яширинишга уринаётган шахсни ушлашда;
- ушлаб турилган шахсларни ва қамоққа олинган, маъмурий қамоққа олинган шахсларни олиб бориш, қўриқлаб бориш ва қўриқлашда, шунингдек қочишга уринишини, атрофдагиларга ёки ўзига зарар етказишини бартараф этиш мақсадида;
- зўравонлик билан ушлаб турилган шахсларни, эгаллаб олинган биноларни, хоналарни, иншоотларни, транспорт воситаларини ва ер участкаларини озод қилишда.
Бундан ташқари, ИИО ходими электрошок воситаларини ўқотар қуролни қўллаш рухсат этилган барча ҳолларда қўллаш ҳуқуқига эга.
Бу – муҳим! Махсус воситалар, шу жумладан элетрошок воситаларидан фойдаланиш қуйидаги ҳолларда тақиқланади:
- ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки фуқароларнинг ёхуд ички ишлар органи ходимининг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқатда таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно;
- куч ишлатмасдан, жамоат тартибини, транспорт, алоқа воситалари ва ташкилотларнинг ишини бузмасдан ўтказилаётган ғайриқонуний йиғилишлар, митинглар, намойишлар, оммавий чиқишлар ва пикет қўйишларни бартараф этиш чоғида.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида яқинда танишиш мумкин.
Ленара Хикматова.