Вазирлар Маҳкамасининг 16.03.2020 йилдаги «Тошкент шаҳар йўловчи транспорти тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 157-сон қарори қабул қилинди.
Йўловчи транспортлари кўрсатадиган хизматлар самарадорлигини ошириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек транспорт тизимини интеграциялаш мақсадида:
- 2020 йилнинг I чораги охиригача Юнусобод метро йўналишининг иккинчи босқичи (2,9 км), ер усти ҳалқа йўлининг биринчи босқичи (11,5 км) ва Сергели метро йўналишининг биринчи босқичи (5,8 км) якунланади;
- шаҳар йўловчи транспортининг 131 та йўналиши оптималлаштирилади, 14 йўналиш ёпилади ва 7 та янги йўналиш очилади;
- 2020 йил 1 майгача барча турдаги шаҳар йўловчи транспорти бўйича ягона йўл чипталари жорий этилади;
- 2020 йил 1 октябрдан бошлаб тажриба тариқасида Фарғона йўли кўчаси бўйлаб ажратилган полоса бўйича тезлик йўли (Bus rapid transit – BRT) ташкил этилади. Ушбу йўл бўйлаб йўловчиларни ташиш учун 20 та замонавий электробуслар ва уларни зарядлаш учун зарур ускуналар харид қилинади;
- 2020 йил 1 сентябргача «Менинг йўналишим» йўловчи транспорти ҳаракатини режалаштиришнинг электрон тизими жорий этилади;
- 2020 йил 1 декабргача автобус салонларида бекатлар номини автоматик тарзда эълон қилиш йўлга қўйилади, шунингдек катта бекатларда автобусларнинг келиш вақти кўрсатилган электрон-рақамли табло ўрнатилади.
2021 йил охиригача хорижий маслаҳатчиларни жалб этган ҳолда Тошкент транспорт ва йўл-транспорти инфратузилмасининг бош режаси ишлаб чиқилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.03.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.