Янги комплекс таркибида беш юлдузли меҳмонхона, савдо-кўнгилочар марказ, тижорат банки учун маъмурий бинолар ҳамда бошқа иншоотлар бўлади (ВМнинг 5.12.2018 йилдаги 991-сон қарори).
Янги комплекс Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги А.Темур шоҳкўчаси, Шаҳрисабз ва Истиқлол кўчалари доирасидаги 2,5 гектар майдонда жойлашади.
Инвесторларга қурилишни «fast-track» услубида, фойдаланишга «тайёр ҳолда топшириш» шартларида амалга оширишга рухсат берилди (батафсил қаранг).
Лойиҳани амалга ошириш доирасида 2022 йил 1 январга қадар:
а) инвесторлар ва пудрат ташкилоти қуйидагиларни тўлашдан озод қилинади:
- ягона ижтимоий тўловдан ташқари барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловларни;
- ягона ижтимоий тўловни – инвесторлар, пудрат ва субпудрат ташкилотларининг хорижий мутахассисларининг иш ҳақи фонди бўйича;
- белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган материаллар, хом ашё, ускуналар, технологик ҳужжатлар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, шунингдек металл прокати учун божхона тўловларини (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари);
- даврий божхона тўловларини – белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича «вақтинча олиб кириш» божхона режимида олиб келинадиган қурилиш техникаси, машина ва механизмлар, транспорт воситалари учун;
б) қўшилган қиймат солиғини – инвесторлар, пудрат ва субпудрат ташкилотлари норезидентлар томонидан бажариладиган ишлар (кўрсатиладиган хизматлар) бўйича.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 6.12.2018 йилдан кучга кирди.
Олег Гаевой.