Президентнинг 11.11.2020 йилдаги “Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4888-сон қарори қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Янгиҳаёт тумани Тошкент шаҳрида:
- пойтахт ҳудудидан 2 131,2 гектарни (Сергели туманидан 1 864,2 гектар ва Бектемир туманидан 267 гектар);
- Тошкент вилояти ҳудудидан 2 288,4 гектарни (Зангиота туманидан 492 гектар, Қуйичирчиқ туманидан 128,7 гектар, Янгийўл туманидан 264,4 гектар ва Ўртачирчиқ туманидан 1403,3 гектар) бирлаштириш ҳисобига ташкил этилган.
Янги туманда Президентнинг 17.08.2018 йилдаги ПФ-5515-сон Фармони билан белгиланган тартиб амал қилади.
Ҳужжат билан:
- Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги, давлат органлари ва ташкилотларининг тумандаги бўлинмалари ҳамда уларга қўшимча киритилаётган бошқарув ходимларининг чекланган сони;
- Янгиҳаёт тумани Ободонлаштириш бошқармаси учун харид қилинадиган махсус техника воситалари рўйхати;
- Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг тумандаги бўлинмаларига маъмурий бинолар қуриш ва уларни жиҳозлаш режаси тасдиқланди.
Ҳокимлиги биносини қуриш учун Тошкент шаҳри, Янгиҳаёт тумани, Спутник-1 даҳаси, Қипчоқ кўчасидаги бўш турган ер майдони ажратилади.
Янгиҳаёт туманига ўтказилган маъмурий ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг юридик (почта) манзили тўғридан-тўғри электрон тизим орқали бепул ўзгартирилади. Улардан ариза ёки маълумот талаб этилмайди.
Янгиҳаёт туманининг суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ташкил этилгунига қадар уларнинг функциялари Сергели туманидаги тегишли тузилмалар орқали амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.11.2020 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.