Президент томонидан 03.07.2023 йилдаги “Рақобат тўғрисида”ги ЎРҚ-850-cон Қонун имзоланди.
Ҳужжатга мувофиқ монополияга қарши орган сифатида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси белгиланмоқда, у Президент ва Сенатга ҳисобдор бўлиб ўз фаолиятини бошқа органлар ва мансабдор шахслардан мустақил равишда амалга оширади.
Шунингдек, монополияга қарши комплаенсни жорий этиш бўйича талаблар белгиланмоқда.
Маълумот учун: монополияга қарши комплаенс – фаолиятнинг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминлаш, уларнинг бузилиши хатарларини аниқлаш ва мазкур хатарларнинг олдини олиш бўйича ички ташкилий тартиб-таомиллар тизимидан иборат.
Қуйидаги ташкилотларда монополияга қарши комплаенсга маъсул шахс тайинланиши лозим:
- республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларда;
- товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларда;
- сўнгги 3 йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушумининг ўртача йиллик миқдори БҲМнинг 100 минг бараваридан ошадиган ҳамда устав фондининг 50 % ва ундан ортиғи давлатга тегишли бўлган юридик шахсларда;
- сўнгги 3 йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушумининг ўртача йиллик миқдори БҲМнинг 100 минг бараваридан ошадиган ҳамда устав фондининг 50 % фоизи ва ундан ортиғи устав фондидаги давлат улуши 50 % ва ундан ортиқни ташкил этадиган юридик шахсларда;
- юридик шахсларнинг бирлашмаларида.
Шунингдек, устун музокара кучи тушунчаси жорий этилмоқда. Устун мавқега эга бўлмаган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан битим шартларини, товарлар реализация қилинадиган ҳудудни ва нархни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятининг мавжудлиги устун музокара кучи деб эътироф этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 04.10.2023 йилдан кучга киради.
Собир Нурбердиев.