Вазирлар Маҳкамасининг 11.11.2020 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 715-сон қарори қабул қилинди.
Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларини тасдиқлаш ҳуқуқи берилди. Бу Президентнинг 12.06.2020 йилдаги «2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-4749-сон қарорида назарда тутилган.
Қабул қилинган ҳужжатда белгиланишича, 2021 йилдан бошлаб:
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, тизимида профессионал таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар ҳар йили 15 январга қадар профессионал таълим муассасаларига қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларига асосланган таклифларни касблар ва мутахассисликлар бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этади;
- Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ҳар йили профессионал таълим муассасаларининг давлат буюртмаси параметрларини тасдиқлаш учун Давлат комиссиясига асосланган таклиф киритади;
- профессионал таълим муассасаларига етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ўқувчилар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари қабул параметрларидан ташқари қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади;
- ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар рўйхати бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизимига асосан туман (шаҳар) иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлимлари томонидан шакллантирилади;
- 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб давлат гранти асосида профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган шахсларни ўқитиш билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Ҳужжат билан Профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Улар жумласига касб-ҳунар мактаблари, коллежлар, техникумлар киритилади, Адлия вазирлигининг юридик техникумлари ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг олимпия захиралари коллежлари бундан мустасно.
Кириш имтиҳонларини (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) ташкил этиш тасдиқланган схемага мувофиқ амалга оширилади. Абитуриент кириш имтиҳонларида иштирок этиш учун зарур ҳужжатларни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг сайти орқали онлайн тарзда топширади.
Кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклларига абитуриентларни қабул қилиш тўпланган балларнинг рейтинг тизими бўйича амалга оширилади. Энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг давлат грантлари бўйича биринчи навбатда қабул қилиниш ҳуқуқи таъминланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.11.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.