Президентнинг 10.02.2022 йилдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.
Ноёб ёзма ва тошбосма меросни сақлаш ва тадқиқ қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Ислом цивилизацияси марказига жамоатчилик учун очиқ бўлган Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини шакллантириш ва давлат тасарруфидаги музейлар, кутубхоналар ва архив фондлари фаолиятига интеграция қилиш топширилди.
Шундай тартиб ўрнатилмоқда, унга мувофиқ Марказ:
- республика ҳудудидаги барча музейлар, кутубхоналар ва архив фондларида сақланаётган қадимий ёзма манбаларнинг давлат реестрини тузади ва доимий мониторингини юритади;
- Давлат реестри асосида қадимий ёзма манбаларнинг турлари бўйича (қўлёзма, тошбосма манбалар, тарихий ҳужжатлар) каталоглари ва электрон нусхаларини яратади;
- Марказ ва Шарқшунослик институтида марказлашган ҳолда сақланадиган ва Давлат реестрига киритилган қадимий ёзма манбаларнинг ҳолати, доимий мониторинг ва тадқиқ этилиши натижалари ҳақидаги маълумотларнинг мунтазам равишда махсус порталлар ва ОАВда эълон қилинишини таъминлайди;
- Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти билан биргаликда қадимий ёзма манбаларнинг консервацияси ва реставрацияси билан шуғулланаётган соҳа ходимларининг мунтазам равишда касбий салоҳияти ва малакасини ошириш, шунингдек, соҳа учун етук мутахассис кадрларни тайёрлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.
Марказ ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Қадимий ёзма манбаларни консервация ва реставрация қилиш лабораторияси ташкил этилади. У музейлар, кутубхоналар ва бошқа муассасаларнинг архив фондларида, жисмоний ва юридик шахсларда сақланаётган қадимий ёзма манбаларни уларнинг буюртмаси асосида таъмирлаш ишларини амалга оширади.
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Қадимий ёзма манбалар консервацияси ва реставрацияси” таълим йўналишида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Матншунослик ва адабий манбашунослик” таълим йўналиши бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади. Бундан ташқари, Интернетда Юртимиз алломалари ва мутафаккирларининг ҳаёти ҳамда маънавий мероси ҳақидаги илмий-маърифий портал ва унинг мобиль иловаси ишга туширилади.
Давлат реестрини шакллантириш, илмий-маърифий портал ва унинг мобиль иловасини ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар Марказ учун давлат бюджетида назарда тутилган мақсадли маблағлар ҳамда кейинчалик уни сақлаш ва фаолиятини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади.
Лола Абдуазимова.