Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
2024 йил декабрда қандай дам оламиз 2024 йил декабрь ойи учун бош бухгалтер режаси Корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли қандай ўзгартирилади Буюртмачи бухгалтерия ҳисобини қандай юритиши керак Солиқ кодексига мувофиқ ҚҚСсиз импорт жиҳозлар учун уч сценарий: сотиш, ижарага бериш ва фойдаланиш пайтидаги солиқ оқибатлари Ўзбекистонда 2024 йил декабрда нималар ўзгаради

Қандай имтиёзлар ўрнатилди ва узайтирилди

06.01.2017

Президентнинг 27.12.2016 йилдаги ПҚ–2699-сон «Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги Қарори билан алоҳида субъектларга солиқ имтиёзлари жорий этилди ҳамда илгари жорий қилинганларининг амал қилиш муддати узайтирилди.

МАКга имтиёз белгиланди

 

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Махсус авиация ишлари авиакомпанияси давлат мақсадли жамғармаларига барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмаларни тўлашдан 1.01.2022 йилгача озод этилди.

 

Маълумот учун: компаниянинг авиация транспортидан қишлоқ хўжалигида авиакимёвий ишларни бажариш учун, вазирлик ва идоралар буюртмаларига асосан аэрофотосуратга олишга доир парвозларни амалга ошириш ва бошқа мақсадларда фойдаланилади.

 

Имтиёзларга тузатиш киритилди ва узайтирилди

 

«JV MAN Auto – Uzbekistan» МЧЖ 1.01.2020 йилгача тўлашдан озод этиладиган солиқлар ва мажбурий тўловлар рўйхатига аниқлик киритилди, булар:

  • юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи;
  • қўшилган қиймат солиғи;
  • ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи;
  • Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий тўловлар.

 

Эслатиб ўтамиз:  «JV MAN Auto - Uzbekistan» МЧЖ қўшма корхонаси  Вазирлар Маҳкамасининг 07.08.2009 йилдаги 224-сон ВМҚ асосида ташкил этилган бўлиб, 1.01.2017 йилгача мамлакат ҳудудида амал қилган барча солиқлар, шунингдек, Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий тўловларни тўлашдан озод этилганди.

 

***

 

Шунингдек, қуйидаги хизмат турларини кўрсатаётган микрофирма ва кичик корхоналар учун фойда солиғи ҳамда ягона солиқ тўлови бўйича имтиёзларнинг амал қилиш муддати 1.01.2020 йилгача узайтирилди:

  • Қишлоқ жойларда пойабзал ва чармдан тайёрланган буюмларни таъмирлаш соҳасидаги хизматлар;
  • қишлоқ жойларда соат таъмирлаш бўйича хизматлар;
  • қишлоқ жойларда маиший электрон ва электр ускуналар (телевизорлар, аудио-, видеоаппаратуралар, компьютер, принтер техникаси, совутгичлар, кондиционерлар ва бошқалар)ни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича хизматлар;
  • қишлоқ жойларда сартарошхоналар ва гўзаллик салонлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;
  • қишлоқ жойларда кийим-кечак тикиш ва ямаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар;
  • якка тартибдаги тураржой қурилиши сифатида қурилган, қишлоқ мавзеларида ташкиллаштирилган, кирларни ювишга қабул қилиш корхоналари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;
  • якка тартибдаги тураржой қурилиши сифатида қурилган, қишлоқ мавзеларида ташкиллаштирилган, кимёвий тозалаш корхоналари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;
  • таълим соҳасидаги хизматлар, жумладан компьютерда ишлашни ўргатиш;
  • санаторийлар, болалар соғломлаштириш муассасалари, болалар спорт муассасалари ва тўгараклари хизматлари;
  • болалар, ногиронлар ва кекса фуқароларни парваришлаш бўйича ижтимоий хизматлар;
  • ахборот-ресурс марказлари, ахборот-кутубхона марказлари, электрон таълим хизматлари;
  • қишлоқ жойларда кўрсатиладиган компьютерда дастурлаш бўйича хизматлар (жумладан, маслаҳат хизматлари).

 

Бунда фойда солиғи ва ЯСТ тўлаш бўйича имтиёзлар микрофирмалар ва кичик корхоналарнинг барча даромадларига татбиқ этилади, башарти имтиёз кўзда тутилган хизмат турларини кўрсатишдан улар олган даромадлар умумий тушум ҳажмининг 80 ва ундан ортиқ фоизини ташкил этса.

 

Бу муҳим! Лизинг, суғурта, бухгалтерия ҳисобини юритиш, микрокредитлаш, шунингдек аудиторлик, риэлторлик ва ветеринария хизматларини кўрсатувчи корхоналар учун имтиёзлар узайтирилмаган.

 

***

 

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, "Навоий КМК" ДК ва "Олмалиқ КМК" АЖ геология-разведка ишларини олиб бориш учун республикада ишлаб чиқарилмайдиган, Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йили тасдиқлайдиган рўйхатлари бўйича олиб кириладиган ускуналар, материаллар, махсус транспорт воситалари, дастурий ҳамда техник воситалар, шунингдек уларнинг эҳтиёт қисмлари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилилиши бўйича имтиёзнинг амал қилиш муддати 1.01.2020 йилгача  узайтирилди.

 

***

 

2011-2016 йилларда олий таълим  муассасаларининг моддий-техника базасини  модернизация қилиш ва мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш дастури доирасида Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган замонавий ўқув-лаборатория ва компьютер жиҳозлари, илмий-методик адабиёт 31.12.2017 йилгача божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилди.

 

Шу тариқа, кўрсатиб ўтилган имтиёзнинг амал қилиши яна бир йилга узайтирилди.

 

***

 

Юқори технологиялар илмий-тажриба марказига нисбатан давлат мақсадли жамғармаларига барча солиқлар ва мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этиш тарзидаги имтиёзнинг амал қилиш муддати 1.01.2020 йилгача узайтирилди.

 

***

 

1.01.2019 йилгача қуйидагилардан озод этиш бўйича имтиёзлар узайтирилди:

  • оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ва нашриётлар ижтимоий-сиёсий ҳамда болалар адабиётини, имкониятлари чекланган шахслар (кўзи ожизлар, кар-соқовлар ва бошқалар) учун адабиётларни сотишдан олинган фойдадан фойда солиғини ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўлаш;
  • таҳририятлар, нашриёт ва босмахоналар ОАВнинг маҳсулотлари, китоб маҳсулотларини сотишдан ва уларнинг нусхаларини кўпайтириш бўйича хизматлардан олинадиган даромадлар қисмида Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига ҳамда Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмаларни тўлаш;
  • Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича ОАВ ва китоб маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун ОАВ таҳририятлари, нашриётлар, телерадиоэшиттириш компаниялари ва полиграфия ташкилотлари томонидан олиб келинадиган қоғоз, полиграфия материаллари ва ахборот сақлаш мосламалари, ускуналар божхона тўловлари (божхона йиғимлари бундан мустасно).

 

***

 

1.01.2020 йилгача қуйидагилардан озод қилишни назарда тутадиган имтиёзларнинг амал қилиш муддати узайтирилди:

  • «Самарқанд автомобил заводи» МЧЖ фойда солиғи, юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, қўшилган қиймат солиғи, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалардан;
  • Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, «Самарқанд автомобил заводи» МЧЖ томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича автотранспорт воситаларини ишлаб чиқариш ва ишлаб чиқарилган автотранспорт воситаларига сотувдан кейин хизмат кўрсатиш учун олиб келинадиган товарлар божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно).

 

***

 

Ҳукумат томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича чет тилларини ўргатиш бўйича чора-тадбирларни рўёбга чиқариш доирасида давлат таълим муассасалари моддий-техника базасини мутаҳкамлаш учун олиб келинадиган компьютер техникаси, махсус асбоб-ускуналар ва инвентарларни божхона тўловлари (божхона йиғимлари бундан мустасно)дан озод этиш бўйича имтиёз 1.01.2018 йилгача узайтирилди. 

 

***

 

Миллий реестрга киритилган дастурий таъминот ишлаб чиқувчилари учун қуйидагиларни тўлашдан озод қилиш кўринишидаги имтиёзлар 1.01.2020 йилгача узайтирилди:

  • Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига ҳамда бюджетдан ташқари Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмалардан;
  • Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган, мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно).

 

***

 

Тасдиқланган рўйхатга киритилган, Соғлиқни сақлаш вазирлиги учун олиб келинадиган таркибида шу жумладан фолий кислотаси мавжуд бўлган умумий қувватлантирувчи поливитаминлар махсус комплексларини  божхона тўловлари (божхона йиғимлари бундан мустасно)дан озод этиш бўйича имтиёз 1.01.2020 йилгача узайтирилди.

 

***

 

“Поп логистика маркази” УКни давлат мақсадли жамғармаларига барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этиш бўйича имтиёз 1.01.2020 йилгача узайтирилди.

 

  

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

Олег ЗАМАНОВ,

экспертимиз. 

 

 

 

Валюталар курси

2024-11-29
  • USD:12865.05 (+0.00) сум
  • EUR:13550.76 (+0.00) сум
  • RUB:116.73 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 26 ноябрь№ 48