18.04.2017 йилдаги ЎРҚ–429-сон «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан товар белгилари тўғрисидаги нормаларга тузатишлар киритилди.
Товар белгиларининг ҳуқуқий режими билан боғлиқ қатор тузатишлар Фуқаролик кодекси ва «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги Қонунга киритилди.
Товар белгиси қачон бекор қилинади
Энди товар белгисидан охирги беш йил давомида узрли сабабсиз узлуксиз фойдаланилмаган тақдирда, унинг рўйхатдан ўтказилганлиги исталган манфаатдор шахснинг талаби бўйича бекор қилиниши мумкин (илгари – рўйхатдан ўтказилган санадан эътиборан исталган 5 йил мобайнида).
Бунда товар белгисининг белгиланган тартибда ишлатилиши товар белгисидан фойдаланилганлигига доир далил ҳисобланади, яъни:
- товар белгиси улар учун рўйхатга олинган товарларда ва (ёки) уларнинг ўровида;
- рекламада, босма нашрларда, расмий бланкаларда, пешлавҳаларда, кўргазмалар ва ярмаркаларда экспонатларни намойиш этиш вақтида, ишлаб чиқарилаётган, сотувга тақдим этилаётган, сотилаётган ёки бошқача тарзда фуқаролик муомаласига киритилаётган ёхуд шу мақсадда сақланаётган ва (ёки) ташилаётган ёхуд Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилаётган товарларнинг этикеткаларида, ўровларида;
- товарларни фуқаролик муомаласига киритиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларда;
- домен номида уни кўрсатилиши.
Товар белгисининг эгаси томонидан тақдим этиладиган, товар белгисидан фойдаланилганлигига доир далиллар аризада кўрсатилган вақт даврига тааллуқли бўлиши керак.
Товар белгисига бўлган ҳуқуқ тугаши мумкин
Бундан ташқари, қонунчиликка товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқнинг тугаши механизми киритилган. Бу бевосита товар белгисининг эгаси томонидан ёки унинг розилиги билан фуқаролик муомаласига қонуний тарзда киритилган товарларга нисбатан товар белгисидан бошқа шахсларнинг фойдаланиши мазкур товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқнинг бузилиши бўлмайди дегани.
Изоҳ: ҳуқуқнинг тугаши – товар белгисига мутлақ ҳуқуқни чеклаш шаклларидан бири. Масалан, агар товар ишлаб чиқарувчи товар белгиси эгаси билан шартномага мувофиқ мазкур белги кўрсатилган маҳсулотни ишлаб чиқарса, унинг ҳуқуқ эгаси унинг мутлақ ҳуқуқларининг бузилишига далил қилолмайди, чунки илгари бунга ўз розилигини берган (шартномани имзолаган).
Қандай товар сохталаштирилган бўлади?
Киритилган тузатишларга кўра, товар белгисидан ёки адаштириб юбориш даражасида у билан ўхшаш бўлган белгидан товарларда, товарларнинг этикеткаларида, ўровларида қонунга зид равишда фойдаланилганда товарлар сохталаштирилган бўлади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег ЗАМАНОВ,
экспертимиз.