Вазирлар Маҳкамасининг 26.02.2021 йилдаги «Қишлоқ хўжалиги соҳасида статистик маълумотлар базасини кенгайтириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 104-сон қарори қабул қилинди.
Қуйидагилар тасдиқланди:
- Ўзбекистон Республикасида 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш концепцияси;
- Ўзбекистон Республикасида 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга доир чора-тадбирлар режаси;
- Ўзбекистон Республикасида 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссиясининг таркиби;
- Ўзбекистон Республикасида 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссияларнинг намунавий таркиби.
Концепцияга мувофиқ қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш қуйидаги жараёнларни ўз ичига олади:
- аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш;
- аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш;
- мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ статистик маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил қилиш ва эълон қилиш.
Рўйхатдан ўтказиш қишлоқ хўжалиги фаолиятининг қуйидаги асосий кўрсаткичларини ҳисобга олиш орқали амалга оширилади:
- қишлоқ хўжалиги объектларининг иқтисодий фаолият турлари;
- меҳнат ресурслари ва уларнинг демографик тавсифлари;
- ер ресурслари ва улардан фойдаланиш ҳолати;
- қишлоқ хўжалиги экинлари майдони;
- иссиқхоналар майдони ва бошқалар.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишни ташкил этиш ва ўтказиш 3 босқичда амалга оширилади.
1-босқичда (2022-2024 йиллар) қуйидагилар назарда тутилади:
- рўйхатдан ўтказишни ташкил этиш ва амалга ошириш тамойиллари ҳамда методик асослари, рўйхатдан ўтказишга доир бошқа масалаларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш;
- синов асосида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш, натижаларини таҳлил қилиш;
- рўйхатдан ўтказишнинг якуний натижаларини олиш ва эълон қилиш учун автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиш;
- рўйхатдан ўтказиш тадбирларида иштирок этувчи ходимларни ўқитиш.
2-босқичда (2024 йил) бевосита қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш тадбири амалга оширилади, яъни қишлоқ хўжалиги фаолияти тўғрисидаги бирламчи маълумотлар йиғилади.
3-босқичда (2024-2026 йиллар) қуйидагилар амалга оширилади:
- рўйхатдан ўтказишга доир бирламчи маълумотларни қайта ишлаш учун автоматлаштирилган ахборот тизимида қабул қилиб олиш;
- маълумотларини автоматлаштирилган ахборот тизимида қайта ишлашга тайёрлаш ва жорий этиш;
- рўйхатдан ўтказиш бўйича дастлабки натижаларни олиш;
- рўйхатдан ўтказиш натижаларини эълон қилиш ва тарқатиш.
Ҳужжат Президентнинг 23.10.2019 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-5853-сон Фармони ҳамда Президентнинг 2.03.2020 йилдаги «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги ПФ-5953-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.02.2021 йилдан кучга кирди.
Наргиза Воҳидова.