Президентнинг 26.02.2021 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2021 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5009-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат Президентнинг 23.10.2019 йилдаги ПФ-5853-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида 2021 йилда қуйидагилар назарда тутилган:
Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва жорий этиш йўналишида:
- шаклланган деҳқончилик кўникмалари, тупроқ-иқлим шароити, сув таъминотидан келиб чиқиб, республиканинг барча туманларининг ҳудудлари муайян турдаги маҳсулотлар етиштиришга босқичма-босқич ихтисослаштирилади;
- 2021 йил 1 апрелдан бошлаб туман ҳокимликлари захирасидаги яхлит ҳолда 300 гектаргача ер майдонларида плантация усулида интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш ва 7 йил муддатда тўлаш шарти билан аҳолига сотиш тизими йўлга қўйилади;
- кооперация шартларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ёшларга фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари ижарага берилади, шунингдек, фермер хўжаликлари ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг экин майдонлари иккиламчи ижарага берилади ва бошқалар.
Қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш йўналишида қуйидагиларни амалга ошириш ҳуқуқи берилади:
- бир туманда учтагача пахта-тўқимачилик кластерларига фермер хўжаликлари билан шартнома асосида фаолият юритиш;
- фермер хўжаликларига ушбу кластерлар билан пахта хом ашёсини етказиб бериш бўйича ихтиёрий равишда фьючерс шартномаларини тузиш.
Ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш йўналишида 2021 йилдан бошлаб ернинг бозор қийматини баҳолаш ҳамда кейинчалик ундан гаров таъминоти сифатида фойдаланиш амалиёти тизимли йўлга қўйилади. Шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2021 йилда қайта фойдаланишга киритиладиган ва ўзлаштириладиган ер майдонларининг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланади.
Қишлоқ хўжалиги тармоғини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган давлат харажатларини босқичма-босқич диверсификация қилиш йўналишида:
- 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга сертификатланган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва кўчатларини харид қилиш учун ажратиладиган тижорат банкларининг кредитлари бўйича Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан:
а) фоиз харажатларини қоплаш учун қуйидаги миқдорларда компенсация тақдим этилади:
- миллий валютада кредитлар бўйича – тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг МБнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми;
- хорижий валютада кредитлар бўйича – тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 30%игача, лекин 3 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми;
б) кредит суммасининг 50%игача миқдорида кафиллик тақдим этилади:
- 2021 йил 31 декабрга қадар маҳаллий уруғчилик хўжаликларидан сертификатланган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва кўчатларини сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга сотиб олинган уруғ ва кўчатлар қийматининг 20%игача Давлат бюджетидан қоплаб берилади;
- лимон етиштириладиган иссиқхоналар барпо этишда муқобил энергия (табиий газга нисбатан) орқали ишлайдиган иситиш тизимини харид қилиш харажатларининг бир қисмини Давлат бюджетидан қоплаш тартиби жорий этилади;
- вируслардан холи, юқори ҳосилли сертификатланган уруғ ва кўчатларни етиштириш ва етказиб бериш тизимини самарали йўлга қўйилади;
- 2021 йил 1 мартдан бошлаб «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ривожлантириш учун аҳолига ажратиладиган кредитлар муддати 3 йилдан 7 йилгача, имтиёзли давр эса 1 йилдан 3 йилгача узайтирилади.
Қишлоқ хўжалиги тармоғи статистикасининг шаффоф механизмини яратиш йўналишида:
- ердан фойдаланувчилар реестри бўйича 3 млн гектардан ортиқ суғориладиган ерларнинг мониторинги йўлга қўйилади;
- 5 турдаги асосий қишлоқ хўжалиги экинларининг (пахта, ғалла, шоли, картошка, мойли экин) экилишини космик суръатлар ёрдамида таҳлил қилинади;
- «ArcGIS» дастури ёрдамида қишлоқ хўжалиги ерларининг асосий ва такрорий экин турлари, ҳосилдорлик даражасидан келиб чиқиб, интерфаол харитада кузатиш имкониятига эга ягона ахборот базасини шакллантириш ҳамда унинг миллий геоахборот тизими билан интеграция қилиниши таъминланади ва ҳ.к.
Ҳужжат билан тажриба-синов тариқасида 2021 йилнинг якунига қадар фаолият юритадиган мева-сабзавотчилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш Республика кенгаши таркиби тасдиқланди ва унинг вазифалари белгиланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.02.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.