Президентнинг 31.08.2022 йилдаги “Қорақалпоғистон Реcпубликасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 213-сон Фармони қабул қилинди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.
Ҳудудни жадал суръатларда ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
- ҳудуднинг инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, ёшлар бандлигини таъминлаш;
- ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ҳамда қулай агробизнес муҳитини яратиш;
- таълим соҳасида қўшимча имкониятлар ва инсон капитали ривожини янги босқичга кўтаришга шарт-шароит яратиш;
- ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтириш.
Қорақалпоғистоннинг барча туманларида жойлашган тадбиркорлик субъектлари учун 2023 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда:
- фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ставкалари 50%га камайтирилади;
- ижтимоий солиқ 1% миқдорида белгиланади;
- якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланаётган ижтимоий солиқ шаҳарлар ҳудудида фаолият юритаётганлар учун 12 бараварга, туманлар ҳудудида фаолият юритаётганлар учун 6 бараварга камайтирилиб, йилига БҲМнинг бир баравари миқдорида белгиланади.
Бунда йирик солиқ тўловчилар, доимий муассасалар, бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50% ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахсларга мазкур имтиёзлар татбиқ этилмайди.
2022 йил 1 октябрдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда:
- ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хорижий давлатларга экспорт қилишда, шу жумладан, экспорт қилинадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун харид қилинган хомашёни республика бўйлаб ташишда транспорт харажатларининг 70%и Ҳукумат комиссияси томонидан белгиланган рўйхатга асосан Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилади;
- ажратиладиган кредит суммасининг 75%игача, бироқ умумий қиймати 2,5 млрд сўмдан ошмаган миқдорда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан кафилликлар тақдим этилади.
Ёш тадбиркорларга ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш учун зарур асбоб-ускуналарни харид қилиш мақсадида Ҳукумат комиссиясининг қарорига асосан тўғридан-тўғри Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали 7 йил муддатга қарз маблағлари тақдим этилади.
Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун тижорат банкларига ва “Амударё дельтасида кичик сув ҳавзаларини барпо қилиш. Фаза II” лойиҳаси доирасида молиялаштириш ишларини ташкил қилиш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари ҳисобидан $100 млн эквивалентида кредит линияси ажратилади.
Тижорат банклари томонидан кредитлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш (бундан уй-жой қурилиши, савдо, воситачилик соҳасидаги лойиҳалар, шунингдек, акцизости товарлар ишлаб чиқарувчилар, давлат корхоналари ва устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахслар ҳамда айланма маблағларни тўлдириш ҳолатлари мустасно) учун йиллик 14% ставкада, 7 йилгача муддатга, шу жумладан, 2 йилгача бўлган имтиёзли давр билан 10 млрд сўмгача миқдорда ажратилади.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига Қорақалпоғистонда жойлашган ва ушбу ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига бепул асосда кўмаклашувчи “Инвесторларга кўмак маркази”ни ташкил этиш топширилди. Марказ қошида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларида майдони камида 10 гектар бўлган ишлаб чиқариш технопарки фаолият кўрсатади.
Шунингдек, Қорақалпоғистон ҳудудида 2022 йил 15 сентябрдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар, истисно тариқасида, ер участкаларини тўғридан-тўғри ижарага бериш мақсадида йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олишда энг яхши таклифлар $5 млн эквивалентидан бошлаб кўриб чиқилади.
Фармон билан 2022-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида аукцион савдоларида реализация қилинадиган фойдали қазилма конлари ва истиқболли участкалар рўйхати тасдиқланди.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион савдоларига бошланғич қиймати 50%га камайтирилган ҳолда чиқарилади.
Қорақалпоғистонда жойлашган давлат активларини (бундан ҳудуди 10 000 кв. метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектлари мустасно) сотишдан тушган маблағлар, уларни баҳолаш ва сотиш харажатлари чегирилган ҳолда, Қорақалпоғистон Молия вазирлиги ҳузуридаги сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ҳудудий жамғармасига йўналтирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 31.08.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.