Вазирлар Маҳкамасининг 24.06.2024 йилдаги “2024-2025 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг пахта, бошоқли дон ва шоли етиштирувчи субъектларига лазерли қурилмага эга ер текислагич агрегатлар билан ер текислаш харажатлари учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 348-сон қарори қабул қилинди.
Вақтинчалик низомга кўра, пахта, бошоқли дон ва шоли етиштирувчи субъектларига лазерли қурилмага эга ер текислагич агрегат билан текисланган ҳар бир гектар экин майдонига сарфланган ёнилғи-мойлаш материаллари харажатларининг 100 фоизини, бироқ 1 млн сўмдан ортиқ бўлмаган қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади.
Субсидия олиш учун аризалар «Agrosubsidiya» ахборот тизими орқали берилади. Ишчи гуруҳ 3 кун ичида жойига чиққан ҳолда ерларни талабга мувофиқлигини ўрганиб хулоса тайёрлайди.
Ишчи гуруҳ ҳулосаси асосида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги субсидия ажратиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Биринчи босқичда субсидиялар 2024 йилда Амударё, Тўрткўл ва Беруний туманларидаги лойиҳаларни, 2025 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.06.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев