Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг қарори (17.03.2018 йилда 2775-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Солиқ тўловчиларга ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммасини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағига қайтариш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди.
Эслатиб ўтамиз, оборотига ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) Солиқ кодексининг 212, 214-217-моддаларида кўрсатилган. Ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган оборот ҳисобига ҳосил бўлган ҚҚСнинг ортиқча суммаси аввал Солиқ кодексининг 207-моддасига асосан тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммасини қоплашга, сўнгра эса – солиқ тўловчининг бошқа солиқлар бўйича мавжуд қарзини қоплашга йўналтирилади. Шундан кейин ҳам ортиқча сумма қолса, уни солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағига қайтаришлари мумкин. Бунинг учун ушбу ортиқча сумма ҳосил бўлган ҳисобот даври тугаганидан кейин 12 ойдан кечиктирмай ариза тақдим этиш лозим.
ДСИ жараёнда қатнашмайди
ҚҚСнинг ортиқча суммасини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағига қайтариш солиқ тўловчининг аризаси олинган вақтдан бошлаб 15 иш куни (илгари – 20 кун) мобайнида бир йўла амалга оширилади.
Энди ариза ҳудудий давлат солиқ бошқармасига (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ёки Тошкент шаҳридаги – таҳр.) тақдим этилади. Яъни энди туман (шаҳар) солиқ инспекциялари мазкур механизмда қатнашмайдилар. Бунда аризани тегишли ҳужжатларни 3 нусхада (илгари – 4 нусхада) илова қилган ҳолда қоғоз шаклида тақдим этиш ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон тарзда юбориш мумкин.
Тегишинча, ДСБ ариза олинган кундан бошлаб 3 кундан кечиктирмай:
- солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган унинг банк ҳисобварағига қайтариладиган ҚҚСнинг ортиқча суммаси ҳисоб-китобининг барча нусхаларини тасдиқлайди;
- тегишли шаклда ҚҚСнинг ортиқча суммасини қайтариш тўғрисидаги хулосани расмийлаштиради ва уни солиқ тўловчи тақдим этган ҳужжатларнинг икки нусхаси билан биргаликда (бир нусхаси ДСБда сақлаш учун қолдирилади) Давлат солиқ қўмитасига тақдим этади.
Давлат солиқ қўмитаси хулоса олинган кундан бошлаб 6 иш кунидан (илгари – 4 иш кунидан) кечиктирмай унинг асослилигини текширади, тасдиқлайди ва Молия вазирлигига тақдим этади. Молия вазирлигининг тегишли тармоқ бошқармаси хулосани кўриб чиқиш ва қайтариш тўғрисида сўровномани тайёрлаш муддати 6 иш кунидан 4 иш кунига қисқартирилди.
Қайтариш рад этилган бўлса
Солиқ тўловчига ҚҚСнинг ортиқча суммасини қайтаришни рад этиш тўғрисидаги хабарнома худди шу йўлдан, фақат«тепадан пастга» ўтади:
- агар рад этиш тўғрисидаги қарор ДСБ томонидан қабул қилинган бўлса, хабарнома бевосита солиқ тўловчига қарор қабул қилинган кундан бошлаб 1 иш куни мобайнида юборилади;
- агар рад этиш тўғрисидаги қарор ДСҚ томонидан қабул қилинган бўлса, хабарнома қарор қабул қилинган кундан бошлаб 1 иш куни мобайнида ДСБга юборилади, у ўз навбатида унинг кўчирма нусхасини олган кундан бошлаб 1 иш куни мобайнида солиқ тўловчига юборади;
- агар рад этиш тўғрисидаги қарор Молия вазирлиги томонидан қабул қилинган бўлса, у хабарномани қарор қабул қилинган кундан бошлаб 1 иш куни мобайнида ДСҚга юборади. У хабарномани олган кундан бошлаб 1 иш куни мобайнида унинг кўчирма нусхасини ДСБга юборади, у худди шунча муддатда унинг кўчирма нусхасини солиқ тўловчига юборади.
Маълумот учун. Қуйидаги асосларга кўра ҚҚСнинг ортиқча суммасини қайтаришни рад этишлари мумкин:
- солиқ тўловчининг ҳужжатлар тўплами топширилган кун ҳолатига солиқлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган ҳолатда;
- ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси нотўғри аниқланганда, шу жумладан ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасига тузатиш киритилмаганда, шунингдек қайтарилиши лозим бўлган ҚҚСнинг ортиқча суммасининг энг юқори суммаси нотўғри аниқланганда;
- ҳужжатлар тўплами тўлиқ бўлмаган ёки ҳужжатлар кўрсатилган талаблар бузилган ҳолда расмийлаштирилиб тақдим қилинганда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.03.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов.