Президентнинг 9.07.2018 йилдаги «Ички бозорни қум-шағал материаллари билан барқарор таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–3841-сон қарори эълон қилинди.
Ҳужжатдан келиб чиқишича, дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларни мустаҳкамлаш ишлари ФВВнинг сел, тошқин ва ер кўчкиси хавфи бўлган ҳудудларда қирғоқни мустаҳкамлаш, ҳимоя қилиш ва тиклаш ишлари бўйича ихтисослаштирилган муҳандислик-техник отрядлари томонидан амалга оширилади. Ушбу ишларга Президентнинг 2007 йил 19 февралдаги ПҚ–585-сон қарори билан ташкил этилган Ҳукумат комиссияси (бундан кейин – Комиссия) қарори асосида бошқа ташкилотлар ҳам жалб этилиши мумкин.
«Хавфсиз дарё» ДУК ташкил этилмоқда
Дарёлар ўзанларини тозалаш жараёнида қум-шағал материалларини қазиб олиш бўйича буюртмачи сифатида «Хавфсиз дарё» ДУК ташкил этилмоқда.
Қуйидагилар «Хавфсиз дарё» ДУКнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- дарё ўзанларини тозалаш жараёнида қум-шағал қазиб олиш ишларини олиб бориш учун лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, улар бўйича давлат экологик экспертизаси хулосасини олиш;
- ФВВ, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ходимлари билан биргаликда доимий равишда жойларга чиққан ҳолда дарёлар ўзанларини тозалаш ишлари олиб борилаётган участкалардаги ҳолатни ўрганиш;
- шартнома асосида жалб этилган тадбиркорлик субъектлари томонидан дарёлар ўзанларини тозалаш ишлари натижасида олинган қум-шағал материаллари ҳажмининг ҳисобини юритиш;
- ФВВ билан биргаликда дарёлар ўзанларида қум-шағал материаллари тўпланиб қолган ва тозаланиши лозим бўлган участкалар рўйхатини тасдиқлаш учун Комиссияга киритиш.
Белгиланишича:
- Комиссия томонидан тасдиқланадиган рўйхатдаги майдонларда дарёлар ўзанларини тозалаш ишларига тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш «Хавфсиз дарё» ДУК томонидан «Е-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончаси орқали ўтказиладиган танлов йўли билан амалга оширилади;
- дарё ўзанларини тозалашда фақат қирғоқлар ювилишига ҳамда яқин ҳудудларни сув босишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ва сув оқимларига тўсқинлик қилаётган ўзанда йиғилиб қолган қум-шағал материаллари ҳажмини қазиб олинишига рухсат этилади;
- дарё ўзанларини тозалаш жараёнида қум-шағал материалларини қазиб олиш ишлари мавсумий тарзда, ер участкаларини ажратмаган ҳолда амалга оширилади;
- қум-шағал материалларини реализация қилишда тадбиркорлик субъектлари солиққа тортишнинг амалдаги тартибини сақлаб қолган ҳолда қазилма бойликлардан фойдаланганликлари учун ўрнатилган тартибда солиқ тўлайдилар;
- дарё ўзанларини сифатли ва ўз вақтида тозаланишига «Хавфсиз дарё» ДУК масъулдир.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги «Хавфсиз дарё» ДУКнинг муассиси ҳисобланади.
«Хавфсиз дарё» ДУК директори ва унинг ўринбосари фавқулодда вазиятлар вазири томонидан лавозимга тайинланади ва озод қилинади, ҳарбий хизматчи ҳисобланади ҳамда мақоми бўйича тегишли равишда ФВВ марказий аппаратининг бошқарма бошлиғи ва унинг ўринбосари лавозимига тенглаштирилади.
«Хавсиз дарё» ДУК ҳарбий хизматчилари қонунчиликда белгиланган озиқ-овқат, пул, кийим-кечак, турар жой таъминоти билан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланади, пенсия, тиббий таъминот ва бошқа ижтимоий кафолатлар ҳамда имтиёзлардан фойдаланади. Бунинг учун ФВВга офицер таркибига кирувчи иккита қўшимча ҳарбий хизматчилар штат бирлиги ажратилади.
«Хавфсиз дарё» ДУК директорига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:
- етарли даражадаги билим ва иш тажрибасига эга бўлган малакали мутахассисларни фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида жалб қилиш;
- ФВВ билан келишилган ҳолда ташкилий-штат тузилмасига ўзгартириш киритиш ва иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда юридик шахс мақомисиз, тўрт нафардан ортиқ бўлмаган штат бирлиги билан ҳудудий бўлинмаларни ташкил этиш.
Қуйидагилар «Хавфсиз дарё» ДУК фаолиятини молиялаш манбалари ҳисобланади:
- «Хавфсиз дарё» ДУК билан тузилган шартномаларга асосан тадбиркорлик субъектлари томонидан дарё ўзанларини тозалаш натижасида олинган қум-шағал материалларининг (ишлов берилмаган) ҳар 1 куб м учун шартнома тузилган кунда амалда бўлган ЭКИҲнинг икки фоизи миқдоридаги тўловлар;
- қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
«Хавфсиз дарё» ДУКнинг пул маблағлари фақат қуйидагиларга:
- «Хавфсиз дарё» ДУКни сақлаб туриш харажатларига;
- тадбиркорлик субъектларини дарё ўзанларини тозалаш ишларига жалб қилиш билан боғлиқ харажатларга;
- «Хавфсиз дарё» ДУК ҳамда ФВВнинг сел, сув тошқини ва кўчки хавфи бўлган ҳудудларда қирғоқни мустаҳкамлаш, ҳимоялаш ва тиклаш ишларини бажаришга ихтисослаштирилган муҳандислик-техник отрядларига юклатилган вазифаларни амалга ошириш доирасида моддий-техник таъминлашга йўналтирилади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигига бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
- «Хавфсиз дарё» ДУК уставини, ташкилий-штат тузилмасини, штат жадвалини, харажатлар сметасини тасдиқлаш ва унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш;
- ДУКни хизмат хоналари, мебель, компьютерлар, алоқа, шунингдек, заруриятга кўра транспорт воситалари билан таъминлаш;
- ДУК фаолиятини самарали ташкил этишни юқори ҳамда профессионал даражада таъминлай оладиган малакали мутахассислар билан таъминлаш вазифаси топширилди.
Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига дарёларнинг ҳимоя зоналари, ўзанлари, кўллар, сув омборлари, каналлар, зовурлар ва бошқа сув объектларини тозалаш ҳамда уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларида иштирок этиш истагини билдирган тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама кўмак кўрсатиш вазифаси топширилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.07.2018 йилдан кучга кирди.
Жаҳонгир Тўрахонов.