Давлат рақобат қўмитасининг қарори (АВ томонидан 6.01.2018 йилда 1024-9-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Рекламани жойлаштириш тўғрисидаги низомга тузатишлар киритилди.
Илгари реклама қилинаётган товарлар сертификатланиши, хизматлар эса лицензияланиши лозим бўлган тақдирда, рекламага «товар сертификатланган» ва «хизмат кўрсатиш лицензияланган» (шунингдек кўпликда) матнли ёки овозли хабарни киритиш мажбурий эди. Тузатишлар ушбу талабни бекор қилди.
Ўзгартиришларнинг моҳиятини тўғри тушуниш зарур. Аввалгидек, сертификатланадиган товарларни ва лицензияланадиган хизматларни тегишли ҳужжатларсиз реклама қилиш тақиқланади («Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси). Реклама тайёрловчи ва тарқатувчи реклама берувчидан лицензия ва мувофиқлик сертификатини талаб этишга ҳақли ва шундай қилган маъқул. Бироқ рекламанинг ўзида лицензия ва сертификатлар тўғрисидаги хабарни (қўшимча ёзувни) энди киритмаса ҳам бўлади.
Лицензияланиши лозим бўлган реклама қилинадиган хизматлар ёки сертификатланадиган товарлар учун рухсат берувчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги аниқланган тақдирда бундай реклама тайёрловчи ёки тарқатувчига ЭКИҲнинг 5 дан 7 бараваригача миқдорда маъмурий жарима солинади. Реклама берувчининг ўзини бу ҳолатда лицензиясиз фаолият билан шуғулланганлиги ёки савдо ёхуд хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлиги учун жавобгарликка тортишлари мумкин.
Маълумот учун: лицензияланадиган фаолият турлари рўйхати – бу ерда, мажбурий сертификатланиши лозим бўлган маҳсулотлар рўйхати – бу ерда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 8.01.2018 йилда кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов.