Президентнинг 15.11.2024 йилдаги ПҚ-393-сон «Ўқувчи ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан 2025/2026 ўқув йилидан «Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик» фани нуфузини ошириш ва умумий ўрта таълим ташкилотларида (Президент, ижод ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари) ЧҚБТ раҳбарлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг янги тизимини жорий этиш назарда тутилган.
ЧҚБТ бўйича янгиланган ўқув дастурлари ва дарсликлар «Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси, фаол ҳаётий позиция» тамойили асосида яратилади, таълим ташкилотларида фанни ўқитиш ҳафтасига икки соат ҳажмида бўлади.
Мудофаа вазирлиги тизимида олий таълим муассасалари ҳарбий таълим факультетларининг «Чақирувга қадар ҳарбий таълим» йўналиши битирувчилари, олий маълумотли, Қуролли Кучлар захирасида (резервида) турган шартнома асосидаги ҳарбий хизматчилар қабул қилинадиган «чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик раҳбари» лавозими жорий этилади.
Шу билан бирга, ЧҚБТ раҳбарлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичлари (KPI) ишлаб чиқилади.
Республиканинг ҳар бир тумани (шаҳри)да битта умумий ўрта таълим мактаби негизида болаларни ёшлигидан Ватанга чексиз садоқат руҳида, жисмонан соғлом ва маънан етук шахс қилиб тарбиялаш бўйича «Жасорат мактаблари» ташкил этилади.
2025 йил 1 июндан таълим ташкилотларида «Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича директор ўринбосари – чақирувга қадар ҳарбий тайёргарлик раҳбари» лавозими тугатилади ва уларнинг штат бирликлари Мудофаа вазирлигига берилади, бу штат бирликлари ҳисобидан ЧҚБТ раҳбари лавозими жорий этилади.
ЧҚБТ раҳбарларига:
- умумий ўрта таълим ташкилотлари ўқитувчисининг базавий тариф ставкаси белгиланади;
- умумий ўрта таълим ташкилотлари ходимлари учун белгиланган йиллик меҳнат таътили берилади;
- 50 БҲМ миқдорида бир марталик дастлабки пул ёрдами ва уй-жой ижараси учун ҳар ойда БҲМнинг икки баравари миқдорида пул компенсацияси тўланади.
Ҳужжат билан:
- Ўқувчиларда Ватан ҳимоячиси бўлиш истаги ва интилишини шакллантириш бўйича чора-тадбирлар дастури;
- Таълим ташкилотлари негизида ташкил этиладиган «Жасорат мактаблари» ҳамда уларга бириктирилган вазирлик ва идоралар рўйхати тасдиқланди.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинди ва 19.11.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова