У аниқ ва табиий фанлар бўйича чуқурлаштирилган билим беради. Ҳукумат 17 август куни тегишли қарорни қабул қилди.
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактабнинг 7-синфига танлов асосида қабул бошланади. Жами 120 нафар ўқувчи, иккита йўналишнинг (кимё-биология ва физика-математика) ҳар бирига 60 нафардан қабул қиладилар. Келаси йилдан бошлаб мактабнинг имкониятлари ва мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
Қуйидагилар ташкил этилаётган мактабнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
- физика, математика, кимё ва биология фанлари бўйича иқтидорли ўкувчиларни танлаш, уларга замон талаблари даражасида чуқурлаштирилган билим бериш, олий таълим тизими учун юқори интеллектуал салоҳиятли ёшларни тайёрлаш;
- мустақил таълим олиш ҳамда илмий-ижодий иш билан шуғулланиш кўникмаларини шакллантириш ва истиқболда ривожлантириш;
- иқтидорли ўқувчиларнинг республика ва халқаро танловларда иштирок этишини таъминлаш;
- таълим жараёнига ўқитишнинг инновацион ва самарали усулларини, ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасини, илғор педагогик ва ахборот технологияларини кенг жорий этиш;
- юқори касб маҳоратига эга бўлган профессор-ўқитувчиларни жалб этган ҳолда ўқитиладиган умумтаълим фанлари бўйича махсус дарсликлар, электрон ўқув адабиётлари, методик ишланмалар яратиш.
Мактаб битирувчиларига давлат намунасидаги умумий ўрта таълим тўғрисидаги расмий ҳужжатлар берилади.
Мактаб Самарқанд шаҳар, Даҳбед кўчаси, 45-уй манзилида жойлашган Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалининг биносида жойлаштирилади. Ўз навбатида ТДИУ филиалига Профессорлар кўчасида (51-уй) жойлашган Самарқанд молия ва иқтисодиёт коллежининг биноси берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.08.2019 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.