Президент 2019 йил 8 майда тегишли қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда жойлаштирилган.
Самарқанд шаҳрида «Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети» Федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг филиали ташкил этилади.
Бу ерда таълим Россия федерал таълим стандартларига мувофиқ рус тилида амалга оширилади. Филиал ОЎМТВ ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда таълимнинг бакалавриат босқичи асосий йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очади. Бунда кадрларга бўлган эҳтиёж ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши истиқболидан келиб чиқилади.
Филиал Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда университет билан келишган ҳолда 2019/2020 ўқув йили ва кейинги йиллар учун қабул квоталари, «контракт» миқдорини белгилайди. Абитуриентлар қабули ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш Ўзбекистон соҳа вазирликлари билан келишилган ҳолда университет томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади. Битирувчиларга мамлакатимизда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган диплом берилади.
Филиал Самарқанд ижтимоий-иқтисодий касб-ҳунар коллежи бино, иншоотлари ва унга туташ ҳудуд (Самарқанд, Уста Умар Жўрақулов кўчаси, 15-уй) берилган Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиали ҳудудида (Самарқанд, Ибн Сино кўчаси, 17а-уй) жойлаштирилади. 1 сентябрга қадар бўлган муддатда улар капитал таъмирланади ва реконструкция қилинади, мебель, инвентарь, замонавий ўқув ҳамда лаборатория ускуналари, компьютер ва бошқа ташкилий техника билан жиҳозланади.
Олег Заманов.