Идора Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси (Саноатгеоконтехназорат) ва унинг минтақавий инспекциялари негизида ташкил этилди (12.12.2018 йилдаги ПФ-5594-сон Президент Фармонига қаранг).
Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси – атом энергетикаси ва ядро технологиялари объектларида радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ва назорат қилиш учун жавобгар бўлган ваколатли давлат бошқаруви органи.
Мазкур орган Вазирлар Маҳкамасининг Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси таркибига киради. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси тузилмасида Радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти, шунингдек Ангрен, Олмалиқ ва Қизилқум кон-техника инспекциялари ташкил этилди.
Янги идора функциялари жумласига тармоқни ривожлантириш бўйича стратегик режа ва дастурларни ишлаб чиқиш, атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида лицензиялаш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ объектлар хавфсизлигини экспертиза қилиш, норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳ.к. киради.
Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси мутахассислари унинг раиси илтимосномасига биноан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинишлари мумкин (прописка тўғрисида илтимоснома киритиш ҳуқуқига эга органларнинг тўлиқ рўйхати, – бу ерда). Давлат қўмитасининг мансабдор шахслари назорат остидаги объектларга тўсқинликсиз кириш, хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши ҳолати устидан назорат қилиш, бундай талабларга риоя этмаган ҳолда олиб борилаётган ишларни тўхтатиб туриш ва ҳуқуқбузарларни маъмурий жавобгарликка тортиш ҳуқуқига эга.
Алоҳида қўмита ва унинг бўлинмалари тузилмалари тасдиқланган, ташкилий масалалар ҳал этилган ва янги давлат муассасаси ходимларини ижтимоий таъминлаш бўйича чоралар кўрилган (12.12.2018 йилдаги ПҚ-4058-сон Президент қарорига қаранг).
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.12.2018 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.