Вазирлар Маҳкамасининг 5.04.2018 йилдаги 267-сон қарори билан фуқароларнинг сафарбарлик чақируви резервидаги (СЧР) хизмати учун тўлаган маблағларидан мақсадли фойдаланишни ташкиллаштиришга тегишли Ҳукуматнинг айрим қарорларига тузатишлар киритилди.
Эслатиб ўтамиз, муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли бўлган ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган шахслар СЧР сафига олинадилар. Улар 27 ёшгача сафарбарлик чақируви резерви хизматида бўладилар ва уни ўтагандан кейин Қуролли Кучларнинг иккинчи тоифали резервига ўтказиладилар. Фуқароларнинг белгиланган миқдорда пул бадалларини тўлаши ва хизмат даврида бир марта бир ойлик ҳарбий йиғинда хизматни ўташи СЧРда хизмат қилиш шарти ҳисобланади.
Энди сафарбарлик чақируви резерви сафига олинган шахслар томонидан тўланадиган маблағлар илгаригидек Молия вазирлигининг эмас, балки Мудофаа вазирлигининг махсус ҳисобрақамида жамланади.
Улардан мақсадли фойдаланиш ўзгартирилди. Маблағлар қуйидагиларга йўналтирилади:
- Муддатли ҳарбий хизматни ўташ назарда тутилган тегишли вазирлик ва идораларнинг муддатли ҳарбий хизмат ҳарбий хизматчиларини захирага бўшатишда уларга нафақа пулини тўлашга;
- Мудофаа вазирлигининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, шу жумладан қурол-яроғ, ҳарбий техник мулк, ўқ-дорилар харид қилиш, биноларни таъмирлаш ва қуришга.
Илгаригидек, ушбу маблағлар СЧР хизматчилари иштирокида ҳарбий йиғинлар ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қоплашга, СЧР хизматчиларининг ҳисобини юритувчи ходимларнинг таъминотига сарфланади.
Махсус ҳисобрақам маблағларидан фойдаланиш тегишли вазирлик ва идоралар бўйича тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади. Ҳар бир идора бўйича харажатлар сметаси уларнинг раҳбарлари томонидан тасдиқланади ва Мудофаа вазирлигида рўйхатдан ўтказилади
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 9.04.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Ленара Хикматова.