Президентнинг 12.04.2018 йилдаги «Сирдарё» эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланди. Ҳужжат матни ЎзАда жойлаштирилган.
У «Жиззах» ЭИЗ Сирдарё вилояти Сирдарё туманидаги филиали ва Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳридаги кичик саноат зонаси негизида ташкил этилмоқда. Янги ЭИЗнинг чегараларига аниқлик киритилиши ва у 2 ҳафта муддатда кенгайтирилиши эҳтимолдан холи эмас. «Сирдарё» ЭИЗ 30 йил муддатга ташкил этилган, бу муддат кейинчалик узайтирилиши мумкин.
Ривожлантирилиши учун инвестициялар ва юқори технологиялар жалб этиладиган ишлаб чиқариш йўналишлари белгиланди – мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, пойабзал, чарм-галантерея, кимё, озиқ-овқат, электротехника саноати, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва б.
«Сирдарё» ЭИЗ иштирокчиси мақоми унинг таркибига киритилган ер майдонлари бевосита тасарруфида бўлган Сирдарё вилояти Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг қарори билан берилади. ЭИЗдаги ер участкаларини бериш, инвестиция лойиҳаларини танлаш ва иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш тартиби – бу ерда.
Барча ЭИЗларнинг фаолият юритиш режими бирхиллаштирилганлиги сабабли Президентнинг 26.10.2016 йилдаги ПФ–4853-сон Фармони 3, 4 ва 5-бандларига мувофиқ солиқ, божхона имтиёзлари ва алоҳида валюта режими «Сирдарё» ЭИЗ иштирокчиларига татбиқ этилади. Тегишли муҳандислик коммуникацияларини ЭИЗ ҳудудига ўз вақтида олиб келган ҳолда уларга уланишлари ҳам кафолатланади.
Бу – муҳим! Янгиер шаҳридаги собиқ КСЗ иштирокчиларига нисбатан, ушбу мақомни аввал олган бўлса, Президентнинг 30.03.2017 йилдаги ПҚ-2860-сон қарорида кўзда тутилган имтиёз ва енгилликлар сақланиб қолинади (6 ва 7-бандларга қаранг).
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов.