Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.12.2023 йилдаги «Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришни жадаллаштириш ҳамда илғор рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПҚ-415-сон Қарори қабул қилинди.
Соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш ва ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш, бошқарув жараёнидаги ортиқча тартиб-таомилларни қисқартириш ва иш самарадорлигини ошириш учун «IТ-Меd» давлат муассасаси тугатилмоқда ва унинг вазифалари «Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор –«UZINFOСОМ» МЧЖ зиммасига юклатилмоқда. Унга қуйидаги қўшимча вазифалар юкланмоқда:
• соғлиқни сақлаш тизимида бизнес- жараёнларини мақбуллаштириш ва соддалаштириш;
• «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимларининг ягона комплексини жорий этиш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек уларнинг бошқа давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлаш;
• тиббиёт ва фармацевтика соҳасида рақамли технологиялар ва коммуникациялар сиёсати ва стандартларини жорий этиш ва бошқалар.
Ҳужжат билан Рақамли соғлиқни сақлаш миллий тизимини самарали ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланган.
Жорий лойиҳалар бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар тўлиқ ягона интеграторга ўтказилади. «Соғлиқни сақлашни рақамлаштириш ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш платформаси» «KfW» банки кўмагида Ягона интегратор оператор ҳисобланади ва яратиш, жорий қилиш, техник қўллаб-қувватлаш ва ахборот хавфсизлиги учун жавобгар саналади. Республиканинг барча тиббиёт ва фармацевтика ташкилотлари, шу жумладан дорихоналар мажбурий тартибда босқичма-босқич Рақамли соғлиқни сақлаш платформасига уланади.
2025 йил 1 январдан бошлаб платформада қайд этилган ҳар бир суғурта иши билан боғлиқ маълумотларни ишлаш ва қайта ишлаш учун Ягона интеграторга Давлат тиббий суғуртаси жамғармасидан давлат тиббиёт муассасаларига тўланадиган маблағларнинг 0,3% миқдорида комиссия тўлови ажратилади.
Шу билан бир қаторда ҳужжатга мувофиқ:
• Ягона интеграторга – Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг резиденти мақомини сақлаб қолган ҳолда, истисно тариқасида, давлат тиббиёт муассасалари эҳтиёжлари учун аппарат ва дастурий комплексларни, ахборот тизимларини, муҳандислик инфратузилмасини, шунингдек ушбу мақсадлар учун ускуналар, бутловчи қисмлар, технологик ҳужжатлар ва дастурий таъминотни етказиб бериш учун;
• Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва давлат тиббиёт муассасаларига – лойиҳа ва техник ҳужжатларни тайёрлаш, дастурий-аппарат комплексларини, автоматлаштирилган ахборот тизимлариини ишлаб чиқиш, шунингдек ушбу мақсадлар учун ускуналарни етказиб бериш бўйича Ягона интегратор билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш ва 100% олдиндан тўловни амалга ошириш ҳуқуқи берилсин.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинди ва 29.12.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.