Президентнинг 28.04.2017 йилдаги ПҚ–2934-сон Қарори билан Иқтисодиёт вазирлиги зиммасига стратегик вазифалар ва йўналишларни амалга ошириш вазифаси юкланди ҳамда унинг ташкилий тузилмаси ва марказий аппарати тузилмаси янгиланди.
Вазирлик зиммасига қуйидаги асосий стратегик вазифа ва йўналишлар юкланди:
- мамлакатни қисқа, ўрта ва узоқ муддатли даврда барқарор ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлашга, аҳоли фаровонлигини ошириш ва унинг энг муҳим муаммоларини ҳал этишга қаратилган концепциялар, комплекс, мақсадли, тармоқ ва ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш, жаҳон бозорларидаги вазиятни ҳамда глобал иқтисодиёт ривожланишининг узоқ муддатли истиқболларини ҳисобга олган ҳолда, таклиф этилаётган ечимлардан кутилаётган макроиқтисодий мақсадли натижалар ҳамда ижтимоий-иқтисодий оқибатларини чуқур комплекс ҳисоб-китоб қилиш;
- чуқур таркибий ўзгартиришларни ва иқтисодиётнинг диверсификациялашни, ички ва ташқи бозорларда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг рақобатдошлигини оширишни таъминлайдиган аниқ мақсадга йўналтирилган структуравий сиёсатни амалга ошириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш асосида экспорт салоҳиятни ошириш, иқтисодиётнинг импортга қарамлигини камайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, тармоқлар ва ҳудудларни мутаносиб ва уйғун ривожлантириш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани илдам ривожлантириш;
- мамлакатимизни истиқболли ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва либераллаштиришни янада чуқурлаштириш, хусусий мулкнинг устуворлигини таъминлаш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, тадбиркорлик субъектлари билан мустаҳкам ҳамкорликда ва уларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда, иқтисодиётни бошқаришни бозор усуллари ва механизмларини кенг жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
- минтақалар табиий ва иқтисодий ресурсларидан самарали фойдаланишни, ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, иқтисодиёт таркиби ва аҳоли турмуш даражасидаги номутаносибликларни бартараф қилишни таъминлайдиган ҳудудларни интенсив ва комплекс ривожлантириш ҳамда ишлаб чиқариш кучларини оптимал жойлаштириш бўйича таклифлар, чора-тадбирлар ва дастурлар ишлаб чиқиш, мамлакат аҳолисининг даромадлари ва бандлигини изчил ўстиришни таъминлаш;
- кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини ташкиллаштириш, Иқтисодиёт вазирлиги аппарати ва унинг таркибий бўлинмалари ишларининг усул ва шаклларини тизимли асосда доимий такомиллаштириш, бюрократизм ва сансалорликка йўл қўймаслик, фуқаролар мурожаатларига ўз вақтида жавоб қайтариш, ходимларга юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш масъулиятини ошириш.
Ҳужжат билан Иқтисодиёт вазирлигининг ташкилий тузилмаси ҳамда унинг бошқарув ходимлари сони 176 нафардан 199 нафаргача оширилган марказий аппаратининг янгиланган тузилмаси тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, Иқтисодиёт вазирлиги тузилмасида Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармалари, шунингдек, иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш туман ва шаҳар бўлимлари ташкил этилган (батафсил бу ерда).
Бу ва айрим бошқа ўзгартиришлар Иқтисодиёт вазирлиги тўғрисидаги низомнинг янги таҳририда қайд этилган.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов, экспертимиз.