Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
2024 йил декабрда қандай дам оламиз 2024 йил декабрь ойи учун бош бухгалтер режаси Корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли қандай ўзгартирилади Буюртмачи бухгалтерия ҳисобини қандай юритиши керак Солиқ кодексига мувофиқ ҚҚСсиз импорт жиҳозлар учун уч сценарий: сотиш, ижарага бериш ва фойдаланиш пайтидаги солиқ оқибатлари Ўзбекистонда 2024 йил декабрда нималар ўзгаради

Солиқ мониторинги: кимлар учун кўзда тутилган ва қандай ўтказилади

17.01.2018

 

30.12.2017 йилдаги ЎРҚ-455-сон Қонун билан 1.01.2018 йилдан бошлаб солиқ назоратининг янги шакли жорий этилади.

 

Эслатиб ўтамиз, қонун лойиҳасининг ҚҲТБТ порталида жамоатчилик муҳокамаси босқичида  биз унинг шарҳини эълон қилган эдик. Ҳужжатнинг охирги таҳрири муҳим тафовутларга эга. Шу боис ҳужжатни батафсил кўриб чиқамиз.

 

Солиқ мониторинги дегани нима?

 

Солиқ мониторинги*СКнинг 67-моддасида назарда тутилган бошқа шакллар билан  бир қаторда солиқ назорати шаклларидан бири ҳисобланади. У давлат солиқ хизмати органлари (бундан кейин - ДСХО) ва инсофли солиқ тўловчилар ўртасида кенгайтирилган ахборот алмашинувини кўзда тутади.

 

Ушбу маълумотлар алмашинуви Давлат солиқ қўмитаси (бундан кейин - ДСҚ) томонидан тасдиқланадиган махсус регламентга асосан амалга оширилади.

 

Маълумот учун: Лойиҳада солиқ тўловчи солиқ мониторингини ўтказиш тўғрисидаги ариза билан бирга ДСХО билан келишиладиган регламент лойиҳасини ўзи тақдим этиши назарда тутилганди. Бу ғоядан воз кечилди.

 

Бу – муҳим! Солиқ тўловчилар учун солиқ мониторингини ўтказиш – ихтиёрий қарор.

 

Кенгайтирилган ахборот алмашинуви ўрнига солиқ тўловчи 3 афзалликка эга бўлади:

 

  • ДСХО солиқ солишнинг жорий масалаларини ҳал қилишда ҳар томонлама кўмак кўрсатади;
  • солиқ мониторинги билан қамраб олинган давр учун камерал назорат ўтказилмайди (бундан солиқ мониторинги муддатидан илгари тугатилган ҳоллар мустасно);
  • солиқ мониторинги билан қамраб олинган давр учун молия-хўжалик фаолиятини текшириш ҳам ўтказилмайди (бундан солиқ мониторинги муддатидан илгари тугатилган ҳоллар мустасно).

 

Ким солиқ мониторингига “ўтишга” ҳақли

 

Янги давлат хизматидан ҳамма солиқ тўловчилар ҳам фойдалана олишмайди. Бунинг учун ўтган йил якунларига кўра, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш жорий йилнинг 1 январь ҳолатига ЭКИҲнинг 70 000 бараваридан (бугунги кунда бу 12 млрд 56 млн 800 минг сўм) ортиқни ташкил этиши керак.

 

Маълумот учун: Қонун лойиҳасида микрофирмалар ва кичик корхоналар солиқ мониторингига “ўтишлари” мумкин эмаслиги кўрсатилган эди. Ҳужжатнинг эълон қилинган таҳририда бу чеклов олиб ташланди. Бундан ташқари, оборот миқдорига бўлган 10 млрд сўмлик талаб ЭКИҲнинг 70 000 баварарига алмаштирилди.

 

Бу – муҳим! Солиқ тўловчи томонидан кейинги йилда солиқ мониторингида иштирок этиш тўғрисидаги ариза солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги ДСХОга жорий йилнинг 1 июлидан кечиктирмасдан ёзма шаклда, шу жумладан электрон шаклда такдим этилади. Ариза шакли ДСҚ томонидан тасдиқланади.

 

ДСХО бир ой муддатда (яъни 1 августдан кечиктирмай) қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

  • солиқ мониторингини амалга ошириш;
  • солиқ мониторингини амалга оширишни рад этиш.

 

Рад этиш учун асослар:

  • солиқ тўловчи томонидан ариза ўз вақтида тақдим этилмаганлиги (1 июлдан кейин);
  • солиқ тўловчи томонидан ариза белгиланмаган шаклда (ДСҚ томонидан тасдиқланган шаклдан фарқ қилади) тақдим этилганлиги;
  • регламент талабларига риоя этилмаганлиги.

 

Маълумот учун: Қонун лойиҳасида  аризани кўриб чиқиш учун ДСХОга 1 октябргача бўлган муддат, яъни камида 4 ой ажратилган эди. У бир ойгача қисқартирилди. Шунингдек рад этиш учун асослар ҳам ўзгартирилди.

 

Солиқ мониторинги қандай ўтказилади

 

Солиқ мониторинги 1 январдан 31 декабрга қадар бўлган бутун молия йилини қамраб олади. Бу солиқ мониторингининг даври ҳисобланади. Бироқ ДСХО солиқ мониторинги бўйича ишларни амалда мазкур молия йилининг 1 январидан кейинги молия йилининг 1 июнига қадар ўтказади. Шу тариқа, солиқ тўловчи яна ярим йил регламентнинг барча талабларига риоя қилишига тўғри келади.

 

ДСХО солиқ тўловчидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши билан боғлиқ зарур ҳужжатлар, маълумотлар, тушунтиришларни талаб қилиб олиш ҳуқуқини олади. Талаб қилиб олинадиган ҳужжатлар, маълумотлар ва тушунтиришлар ёзма шаклда (шу жумладан электрон шаклда) 10 кун ичида тақдим этилади.

 

Уларни тақдим этиш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, солиқ тўловчи бу ҳақда сабабларини кўрсатган ҳолда тегишли ДСХОни талабномани олган кундан эътиборан 3 кунлик муддатда хабардор қилади. Яъни ҳужжатларни тақдим этиш имконияти мавжуд эмаслиги тўғрисида ДСХОга хабар бериш учун 10 кун кутишга йўл қўйиб бўлмайди.

 

ДСХО ҳужжатларни ўрганиб, қонунбузарликларни аниқлаган ҳолда солиқ тўловчига асослантирилган фикрни юборади. Бундан ташқари, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши борасида солиқ тўловчида шубҳалар мавжуд бўлганда, у ДСХОнинг асослантирилган фикрини олиш тўғрисида сўров билан мурожаат қилиши мумкин (сўровда ўзининг позициясини акс эттириш ҳам талаб этилади).

 

Солиқ тўловчининг сўрови бўйича асослантирилган фикрни тайёрлаш ва юбориш муддати – бир ой. Лойиҳада солиқ тўловчи сўровига жавобни тайёрлашга бир ойгача узайтириш имконияти билан 10 кун, уни жўнатишга қўшимча 3 кун муддат назарда тутилган эди.

 

Солиқ тўловчи ДСХОнинг асослантирилган фикрини олган ҳолда:

  • ушбу фикрга рози бўлган тақдирда – фикрни олган кундан бошлаб эътиборан 1 ой ичида бу ҳақда унинг ижросини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ДСХОни хабардор қилиши;
  • ушбу фикрга рози бўлмаган тақдирда – ўз эътирозларини фикрни олган кундан эътиборан 1 ой ичида ДСХОга тақдим этиши шарт.

 

Эътирозлар мавжуд бўлган тақдирда ўзаро келишув жараёни бошланади. Дастлаб ДСХО 3 кун муддатда эътирозларни юқори турувчи органга юборади. Шу билан бирга асослантирилган фикрни тузган ДСХО ходимлари, солиқ тўловчи ва юқори турувчи ДСХО вакилларининг шахсий иштирокида эътирозларни кўриб чиқиш учун бир ойлик муддатни ҳисоблаш бошланади.  Мулоқот натижаларига кўра, солиқ тўловчига шу куннинг ўзида шахсий кабинет орқали ўзаро келишув натижалари тўғрисидаги хабарнома юборилади. Лойиҳада хабарномани юборишга 3 кун ажратилган эди.

 

Солиқ мониторинги қуйидаги ҳолларда муддатидан олдин тўхтатилади:

1) солиқ тўловчи томонидан ўзаро ахборот алмашинуви регламент талаблари бажарилмаганда, шунингдек солиқ тўловчининг асослантирилган фикрга ёки ўзаро келишув натижалари бўйича тузилган хабарномага розилиги (рози эмаслиги) тўғрисида маълумотлар тақдим этмаганда;

2) солиқ мониторингини амалга ошириш даврида давлат солиқ хизмати органига молиявий ва солиқ ҳисоботларини топшириш муддатлари бузилганда;

3) солиқ мониторингини амалга ошириш даврида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ўз вақтида ва тўлиқ тўланмаганда;

4) солиқ мониторингини қўллаш даврида ҳисобланган солиқ тўловлари камайишини, зарарлар миқдорининг ошишини назарда тутувчи аниқлаштирилган молиявий ва солиқ ҳисоботлари тақдим этилганда;

5) солиқ мониторингини амалга ошириш жараёнида солиқ тўловчи томонидан нотўғри ахборот тақдим этилганда;

6) ҳужжатлар, маълумотлар ва тушунтиришлар ўзаро ахборот алмашинуви регламентида белгиланган талаблар солиқ тўловчи томонидан мунтазам равишда бузилган ҳолда тақдим этилганда;

7) солиқ тўловчи томонидан солиқ мониторингини муддатидан олдин тугатиш тўғрисида ариза тақдим этилганда.

 

Солиқ мониторингини муддатидан олдин тугатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин давлат солиқ хизмати органи шу куннинг ўзида солиқ тўловчини ёзма шаклда, шунингдек солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабардор қилади.

 

Маълумот учун: Лойиҳада юқорида санаб ўтилган асосларнинг ҳаммаси ҳам солиқ мониторингини муддатидан олдин тугатишга сабаб бўла олмасди. Хусусан, молиявий ва солиқ ҳисоботларини топшириш муддатлари бузилганда, аниқлаштирилган молиявий ва солиқ ҳисоботлари тақдим этилганда, ўзаро келишув натижаларига кўра хабарнома талабларини бажармаслик фақат камерал ва режали солиқ текширишларини ўтказишга сабаб бўлган.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.   

 

Самир Латипов.

 


*Хўжалик юритувчи субъектлар ходимларининг ҳисобот ва амалдаги сонининг мувофиқлиги устидан мониторинг билан адаштирмаслик керак.

 

Валюталар курси

2024-11-29
  • USD:12865.05 (+0.00) сум
  • EUR:13550.76 (+0.00) сум
  • RUB:116.73 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 26 ноябрь№ 48