Воситачилик шартномалари бўйича импорт қилинадиган хом ашёни қайта ишлаш асосида ишлаб чиқарилган бензин ва дизель ёқилғиси ҳажми бўйича транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқни (кейинги ўринларда – истеъмол учун солиқ) ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом қабул қилинди (Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 11 марта 2766-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Низом Президентнинг 2015 йил 22 декабрдаги ПҚ-2455-сон “Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жорий қилинди. Низомга 22-иловада белгиланишича, 2016 йилдан бошлаб воситачилик шартномалари бўйича харид қилинган импорт қилинадиган давал хом ашёдан ишлаб чиқарилган бензин ва дизель ёқилғиси бўйича транспорт воситалари учун бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик ҳажмига ҳам истеъмол учун солиқ солинади.
Низом истеъмол учун солиқ тўловчиларни белгилайди, бу – солиқ солиш тизимидан қатъи назар (солиқ солишнинг умумбелгиланган ёки соддалаштирилган тартиби), ўз эҳтиёжи учун тайёр нефть маҳсулотларини олувчи давал хом ашёнинг мулкдорлари.
Давал хом ашёдан ишлаб чиқарилган тайёр нефть маҳсулотларининг натура ҳолидаги олинган ҳажми солиқ солинадиган базадир, бироқ ставка нефтни қайта ишловчи заводлар томонидан ҳисобланадиган олинган нефть маҳсулотларининг ҳисоб-китоб нархларига боғлиқ.
Демак, масалан, агар Аи-80 автобензинининг ҳисоб-китоб нархи 2 353 979 сўмдан кам бўлса, у ҳолда истеъмол учун солиқ 1 тонна учун 445 000 сўмни ташкил қилади. Ҳисоб-китоб нархи 2 753 980 сўм ва ундан юқори бўлганда эса – солиқ ставкаси нолга тенг.
Ҳисоб-китоб нархи хом ашё қиймати ва қайта ишлаш қийматига боғлиқ. Бунда хом ашёнинг қиймати хом ашёнинг ўзининг қийматидан ташқари ўз ичига етказиб бериш билан боғлиқ транспорт харажатларини, суғурта, божхона тўловларини, воситачининг харажатларини ва давал хом ашёни етказиб бериш билан боғлиқ бошқа харажатларни, шунингдек давал хом ашёнинг мулкдорларигача тайёр нефть маҳсулотларини етказиб бериш бўйича харажатларни олади.
Нефтни қайта ишловчи заводлар давал хом ашёни қайта ишлашдан олинган маҳсулотни қабул қилиш-топшириш далолатномасига берилаётган тайёр нефть маҳсулотининг 1 тоннаси учун ҳисоб-китоб нархи кўрсатилган ҳужжатни илова қилишлари керак.
Солиқ бўйича ҳисоб-китоб ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай фақат нефть маҳсулотлари олинган, тегишинча, солиқ солиш объекти вужудга келган ойлар учун тақдим қилинади. Солиқ тўлаш ҳисоб-китобларни тақдим қилиш муддатларидан кечиктирмай амалга оширилади.
Воситачилик шартномалари бўйича импорт қилинадиган хом ашёни қайта ишлаш асосида ишлаб чиқарилган бензин ва дизель ёқилғиси ҳажми бўйича транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқнинг ҳисоб-китоби шакли Низомга 2-иловада келтирилган.
Низом расмий эълон қилинган кун – 2016 йил 14 мартдан кучга киради.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Лилия ХИСМАТОВА,
экспертимиз.
Мавзуга доир материаллар:
Пойтахтда 2016 йил учун солиқлар ва йиғимлар ставкалари тасдиқланди
Бензин, дизель ёқилғиси ва газ учун солиқ ставкалари ва ҳисоб-китоби ўзгарди