Маданият ва спорт ишлари вазирининг буйруғи (Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 5 февралда 2761-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан янги Спорт ҳакамлари ва спорт ҳакамларининг малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Илгари амалда бўлган Спорт ҳакамлари ва спорт ҳаками тоифалари тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2324, 2012 йил 6 февраль) ўз кучини йўқотган деб топилди.
«Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонуннинг (2015 йил 4 сентябрдаги ЎРҚ-394-сон Қонун таҳририда) 23-моддасига мувофиқ спорт ҳакамларининг қуйидаги малака тоифалари (кейинги ўринларда – тоифа) белгиланган:
«Халқаро тоифали спорт ҳаками»;
«Миллий тоифали спорт ҳаками»;
«Биринчи тоифали спорт ҳаками»;
«Иккинчи тоифали спорт ҳаками»;
«Учинчи тоифали спорт ҳаками»;
«Спорт бўйича ҳакам».
Шу муносабат билан эндиликда илгари берилган тоифалар қуйидаги тоифаларга тенглаштирилади:
«Халқаро тоифали спорт бўйича ҳакам» тоифаси – «Халқаро тоифали спорт ҳаками» тоифасига;
«Миллий тоифали спорт бўйича ҳакам» тоифаси – «Миллий тоифали спорт ҳаками» тоифасига;
«Олий тоифали спорт бўйича ҳакам» тоифаси – «Биринчи тоифали спорт ҳаками» тоифасига;
«I тоифали спорт бўйича ҳакам» тоифаси – «Иккинчи тоифали спорт ҳаками» тоифасига;
«Спорт бўйича ҳакам» тоифаси – «Учинчи тоифали спорт ҳаками» тоифасига.
Белгиланишича, «Миллий тоифали спорт ҳаками», «Биринчи тоифали спорт ҳаками» тоифалари (шу жумладан, спортнинг техник ва амалий турлари бўйича), тегишли равишда, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти томонидан, «Иккинчи тоифали спорт ҳаками», «Учинчи тоифали спорт ҳаками», «Спорт бўйича ҳаками» тоифалари эса уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан берилади. Илгари «Миллий тоифадаги спорт бўйича ҳакам» тоифаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан, «Олий тоифали спорт бўйича ҳакам» тоифаси унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан, «I тоифали спорт бўйича ҳакам», «Спорт бўйича ҳакам» тоифалари тасдиқланган рўйхатга кўра спорт ташкилотлари томонидан бериларди. Техник ва амалий спорт турлари бўйича «Миллий тоифадаги спорт бўйича ҳакам», «I тоифали спорт бўйича ҳакам» тоифалари Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти томонидан бериларди.
Эслатиб ўтамиз, «Халқаро тоифали спорт ҳаками» тоифаси тегишли халқаро спорт ташкилоти томонидан берилади.
Янги Низомда тоифаларни бериш аниқ тартибга солинган. Хусусан, белгиланишича, тоифалар «Спорт бўйича ҳакам» тоифасидан бошлаб берилади ва уларни бериш кетма-кетлигини бузиш тақиқланади. Масалан, «Спорт бўйича ҳакам» тоифасидан кейин «Учинчи тоифали спорт ҳаками» тоифасини бермасдан «Иккинчи тоифали спорт ҳаками» тоифасини беришга йўл қўйилмайди. Бунда навбатдаги тоифани олиш учун тоифанинг даражасига қараб 1 йилдан 3 йилгача муддат ўтиши керак. Шунингдек аниқлаштирилишича, тоифалар («Халқаро тоифали спорт ҳаками» тоифаси бундан мустасно) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўтказилган спорт мусобақаларида ҳакамлик қилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига берилади.
Аввалгидек, талабгор тоифа олиш учун муайян талаблар (нормалар)ни бажариши лозим бўлиб, улар Олимпия (паралимпия, сурдлимпия) ўйинлари ўтказилиш даврийлигини инобатга олган ҳолда 4 йилга тузилади. Белгиланишича, талаблар (нормалар) тегишли спорт федерациялари (уюшмалари) томонидан тузилади ҳамда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан тасдиқланади, спортнинг техник ва амалий турлари бўйича эса Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти томонидан тузилади ҳамда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади. Илгари талабларнинг Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти, ихтисослаштирилган таълим муассасалари, жисмоний тарбия жамиятлари, спорт турлари бўйича федерациялар, уюшмалар, жамғармалар, спорт клублари, жисмоний тарбия ва спорт бўйича жамоат бирлашмалари тақдимномасига асосан Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан тузилиши ҳамда тасдиқланиши назарда тутилганди.
Тоифа (шу жумладан, навбатдаги тоифа)ни олиш истагини билдирган шахслар тегишли ваколатли органга (Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти ёки уларнинг ҳудудий бўлинмалари) ўзлари ишлаётган ташкилот орқали мурожаат этади. Бунда ташкилот тегишли ваколатли органга талабгорга тоифа бериш бўйича тақдимнома юборади.
Янги Низомда ташкилотнинг тақдимномасига илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати келтирилган. Уларга «Спорт бўйича ҳакам» тоифаси бўйича қуйидаги ҳужжатлар киради:
талабгор паспортининг нусхаси;
талабгорнинг 3х4 см ўлчамдаги 4 дона рангли фотосурати;
талабгорга нисбатан тавсифнома (ташкилот раҳбари томонидан имзоланган ҳолда);
тоифа олиш учун талаблар (нормалар) бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар.
Навбатдаги тоифа бўйича тақдимномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
талабгор паспортининг нусхаси;
талабгорнинг 3х4 см ўлчамдаги 4 дона рангли фотосурати;
талабгорга нисбатан тавсифнома (ташкилот раҳбари томонидан имзоланган ҳолда);
спорт ҳаками китобчасининг ташкилот томонидан тасдиқланган нусхаси (агар аввал берилган бўлса);
тоифа олиш учун талаблар (нормалар) бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (агар унга аввал спорт ҳаками китобчаси берилмаган бўлса);
спорт ҳаками гувоҳномаси (агар аввал берилган бўлса) ёки тоифа мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси.
Ташкилотнинг тақдимномаси ваколатли орган томонидан тузилган Малака тоифаларини бериш комиссиясининг ҳар чоракда бир марта (илгари – ҳар ойда бир марта) ўтказиладиган мажлисида 3 кун ичида кўриб чиқилади. Ҳужжатларда камчиликлар аниқланган тақдирда комиссия талабгорни бу ҳақда хабардор қилади ва камчиликлар ишчи тартибда бартараф қилинади.
Комиссия томонидан ижобий қарор қабул қилинганда ваколатли орган 5 кун ичида талабгорга спорт ҳаками гувоҳномаси ва спорт ҳаками китобчасини расмийлаштириб беради. Спорт ҳаками гувоҳномаси унинг тоифасини тасдиқлайди, спорт ҳаками китобчасига эса ҳакам, унинг ишлари ва эришган ютуқлари ҳақидаги маълумотлар қайд этиб борилади. Илгари Низом спорт ҳаками китобчасини беришни назарда тутмасди.
Комиссия тоифа беришни рад этган тақдирда ваколатли орган 3 кун ичида бу ҳақда талабгорга хабардор беради.
Спорт ҳакамларига кўкрак нишонини беришга оид меъёр чиқариб ташланди.
Белгиланишича, ваколатли органлар махсус журналда тоифага эга бўлган спорт ҳакамлари ҳисобини юритиши, шунингдек ҳар бир спорт ҳаками бўйича унинг фаолиятига оид ҳужжатларни йиғиш учун алоҳида жилд юритиши шарт. Илгари жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари тоифа бериш тўғрисидаги қарорлар асосида спорт ҳакамларининг маълумотномаларини расмийлаштириши ҳамда уларнинг ҳисобини юритиши керак эди.
Янги Низомда спорт ҳаками ўз мажбуриятларини умуман бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун тоифани пасайтириш ёхуд тоифадан маҳрум этиш тартиботи батафсил кўрсатилган.
Ўрнатилишича, комиссия қароридан норози бўлган шахслар юқори турувчи ваколатли органга ёки судга шикоят қилишга ҳақли.
Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган.
Буйруқ Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 2016 йил 8 февралдаги 5-сонида расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини
эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ
тайёрлади.