Бу Президентнинг 2019 йил 9 апрелдаги қарори билан белгиланган. Қарор давлатимиз раҳбарининг расмий сайтида иловаларсиз эълон қилинган.
Ҳужжат мамлакатимиз нуфузи ва инвестициявий жозибадорлигини мустаҳкамлаш, маълумотларнинг фойдаланиш учун очиқлиги даражасини ошириш, фуқароларни хабардор қилиш механизмларини халқаро даражагача етказишга йўналтирилган.
Бунинг учун Давлат статистика қўмитаси (бундан кейин – Давстатқўм) очиқ маълумотларни (бундан кейин – Рўйхат) юритиш ва янгилаш ҳамда уларни Ҳукумат портали ҳузуридаги Очиқ маълумотлар порталида ўз вақтида акс эттириш бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг мувофиқлаштирувчиси этиб белгиланди.
Ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги ахборот фақат республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг юқори турувчи тузилмалари, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан эълон қилинади. Давлат органлари ва ташкилотларида халқаро рейтинглар билан ишлаш ва «Электрон ҳукумат» тизимини жорий этиш учун масъул бўлган махсус бўлинмалар ахборотни тайёрлайдилар ва Порталга жойлаштирадилар.
Давстатқўмга Портални ривожлантириш фаолиятини амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
- маълумотлар ва уларнинг манбаларидан, шу жумладан маълумотларни шакллантириш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи локал ва бошқа ҳужжатлардан фойдаланиш;
- Портални ривожлантириш, шунингдек эълон қилинаётган маълумотларга тааллуқли масалалар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларидан бепул асосда маслаҳат ёрдами олиш;
- шартнома асосида экспертлар, маслаҳатчилар ва ташкилотларни (шу жумладан хорижий) жалб этиш;
- Портални такомиллаштириш, давлат органлари ва ташкилотларининг очиқ маълумотлар соҳасидаги фаолиятини баҳолаш учун халқаро молия институтлари, донор мамлакатларнинг маблағлари, грантларни жалб этиш.
Қабул қилинган ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Жаҳон банкининг статистика салоҳияти индекси бўйича йиллик ҳисоботида Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш мақсадли кўрсаткичлари;
- Портални такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар комплекси;
- 2020 йилдан бошлаб Халқаро бюджет ҳамжамиятининг Бюджет очиқлиги индексида Ўзбекистоннинг иштирок этишини таъминлаш бўйича «Йўл харитаси»;
- маълумотларнинг очиқлик ҳолатини «Очиқ маълумотлар глобал индекси» ва «Очиқ маълумотлар барометри» талабларига мувофиқлаштиришга йўналтирилган бир қатор бошқа чора-тадбирлар.
Маълумотларни ва уларнинг эгаларини ўз ичига олган ягона реестрни шакллантирган ҳолда ҳисоботлар ва маълумотлар базаларининг барча турларини интеграциялашни назарда тутувчи маълумотларни бошқариш давлат тизимини яратиш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Шунингдек 2020 йилдан бошлаб «Очиқ маълумотлар глобал индекси» ва «Очиқ маълумотлар барометри» халқаро рейтингларида Ўзбекистоннинг иштирок этишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режаси қабул қилинади, Очиқ маълумотлар пухталиги модели («Open Data Maturity Model») асосида эса натижалари ҳар чоракда Порталда эълон қилиб бориладиган давлат органларининг очиқ маълумотлар соҳасидаги фаолиятини баҳолаш механизми ишлаб чиқилади.
2020–2021 йилларда ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда Ўзбекистонда мультииндикатор кластер кузатувларини ўтказиш кўзда тутилган.
Ҳужжат билан қуйидагиларни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди:
- Порталда тегишли ахборотни эълон қилиш ва янгилаш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик ўрнатилишини, нотўғри статистика ҳисоботларини тақдим этганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш чоралари кучайтирилишини назарда тутувчи қонун лойиҳасини (1.07.2019 йилгача);
- илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда «Расмий статистика тўғрисида»ги қонун лойиҳасини (1.12.2019 йилгача);
- «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида», «Ахборотдан фойдаланиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида», «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонунлар меъёрларини бирхиллаштиришни назарда тутувчи ахборот тарқатиш соҳасидаги қонун лойиҳасини (1.10.2019 йилгача).
Константин Мосин.