Электр энергияси, шу жумладан, муқобил электр энергиясини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини ягона энергетика тизимига улаш регламентга солинади, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмлари эса оширилади. Бу ЎзАда эълон қилинган Президентнинг 23.10.2018 йилдаги қарорида назарда тутилган.
Ҳусусан, Вазирлар Маҳкамаси Бош прокуратура билан биргаликда муқобил электр энергияси ишлаб чиқарувчиларини ягона энергетика тизимига улаш тартибини такомиллаштириш ва лойиҳаларни давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқади.
Кутилишича, тегишли норматив ҳужжатларнинг қабул қилиниши мамлакатимизда электр энергияси, шу жумладан, муқобил электр энергиясидан (қуёш электростанцияси, шамол генераторлари ва бошқалар) электр энергияси ишлаб чиқарувчи янги тадбиркорлик субъектларининг пайдо бўлишига кўмаклашади.
Шунингдек, қарор билан 2018-2020 йилларда ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, электр тармоқларини модернизация қилиш, электр энергияси ҳисоби ва истеъмолини назорат қилишни такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. У қуйидагиларни назарда тутади:
- мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва янгиларини ишга тушириш бўйича лойиҳа қиймати 2,6 млрд АҚШ доллари бўлган умумий қуввати 1 984 МВт 7 та инвестициявий лойиҳани амалга ошириш;
- жалб қилинадиган кредитлар ва “Ўзбекэнерго” АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан йилига умумий узунлиги 7,1 минг километр бўлган янги электр тармоқларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш, 2 500 та трансформатор пунктини ўрнатиш ва модернизация қилиш;
- Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига (кейинги ўринларда – ЭЭҲО ва НҚАТ) 7 млн истеъмолчиларни улаш, 2021 йил якунига қадар ЭЭҲО ва НҚАТ қамровини абонентлар умумий сонининг 100%игача етказиш;
- Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда бошқа халқаро молия институтлари билан келишилган, умумий қиймати 1,8 млрд АҚШ доллари миқдоридаги узоқ муддатли кредитларни ўзлаштириш.
Электр энергияси ишлаб чиқариш бозорида янги ўйинчиларнинг пайдо бўлиши тармоқни бошқариш тизимини ислоҳ қилишни талаб этади. Шу муносабат билан Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги комиссия томонидан Энергетика вазирлигини ташкил этиш тўғрисидаги масала ишлаб чиқилмоқда.
Олег Гаевой.