Вазирлар Маҳкамасининг 08.01.2024 йилдаги 11-сонли қарори билан олий таълим муассасалари талабаларининг ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш тартиби тасдиқланди.
Ҳужжат билан Олий таълим ташкилотлари талабаларининг иқтисодиёт тармоқлари корхоналарида ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди. У қуйидаги тартибларни белгилайди:
- танлов асосида ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш;
- талабаларнинг амалий ишлари танловида иштирок этиши;
- ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва амалиётга раҳбарлик қилиш;
- меҳнат муносабатлари ва молиялаштириш мониторингини ўтказиш
2024/2025 ўқув йилидан бошлаб кадрлар буюртмачиси бўлган вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари ички эҳтиёжлари ва йиллик режасидан келиб чиқиб:
- ўқиш шаклидан қатъи назар, шартномалар асосида тегишли таълим йўналишлари (мутахассисликлар) бўйича талабаларга ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини таъминлайдилар;
- талабаларга қонунчиликда белгиланган тартибда тўловни таъминлайдилар;
- ишлаб чиқариш амалиёти даврида ўзининг ички имкониятларидан келиб чиқиб бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига ўқиётганлар учун вақтинча яшаш жойи ва етарли шароитларни (шахсий ҳимоя воситалари, махсус овқат ва бошқалар) таъминлайди;
- қабул қилувчи ташкилот томонидан тайинланган амалиёт раҳбарларига молиявий рағбатлантириш чораларини белгилаш ҳуқуқи тақдим қилинади;
- ишлаб чиқариш амалиётини муваффақиятли ўтаган талабаларга ўқишни тугатгандан сўнг ушбу ташкилотларда ёки уларнинг минтақавий бўлинмаларида ишлашни тавсия этиш.
Низомга мувофиқ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ҳақ тўланадиган амалиётни ташкил этиш мақсадида талабалар ўртасида йилига камида бир маротаба танлов ўтказилади.
Амалиёт ўташ учун 500 та (Тошкент шаҳри учун – 45 та, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар учун – 35 тадан) ўрин ажратилади.
Танловда иштирок этиш учун талаба аризани шахсан ўзи, почта орқали ёки электрон шаклда ўзи ўқиётган олий таълим ташкилотига топширади.
Танловда қатнашиш учун талаба:
- битирувчи босқичда таҳсил олаётган ва Ўзбекистон резиденти бўлиши лозим;
- унинг таълим йўналиши (мутахассислиги) тармоқ корхонасидаги фаолият йўналишига мос бўлиши керак.
Олий таълим ташкилоти ариза берган талабалар тўғрисидаги маълумотларни йўлланма хати билан Махсус комиссияга 5 иш куни давомида тақдим қилади. Комиссия ушбу ҳужжатларни келиб тушган кундан бошлаб 5 иш куни давомида кўриб чиқади ва талабани танловда иштирок этиши ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Махсус комиссия томонидан талаба амалиётини ташкил этиш иш режаси ҳимояси (тақдимот кўринишида) ўтказилиб, 20 кун ичида якуний қарор қабул қилинади. Якуний қарор қабул қилингандан 10 иш куни давомида танлов натижалари бўйича маълумот Вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Амалиёт 1 ойдан 3 ойгача бўлган давр мобайнида ўқув режасида белгиланган муддатларда амалга оширилади. Талабанинг амалиёт ўташи учун синов муддати белгиланмаган.
Ғолиб талабаларнинг амалиёти бўйича харажатлар Махсус комиссия томонидан якуний қарор қабул қилингандан сўнг 15 кун давомида қопланади. Бунда талабага БҲМнинг 2 баравари миқдорида иш ҳақи ва унга ҳисобланган ижтимоий солиқ тегишли ҳисобрақамга ўтказилади.
Низом ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган олий таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Ишлаб чиқариш амалиёти билан боғлиқ харажатлар Фан ва инновацияларни молиялаштириш фондига ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади.
Танловдан ташқари талабалар учун ташкил этилган ишлаб чиқариш амалиётлари вазирликлар, идоралар ва корхоналар томонидан молиялаштирилиши мумкин.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 09.01.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова