Бу Президентнинг 19.02.2018 йилдаги «Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида назарда тутилган.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида ва унинг филиалларида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ўқитишнинг кредит тизими жорий этилади.
Маълумот учун: Ўқитишнинг кредит тизими Тошкент давлат юридик университетида қўлланилмоқда. Кредит – ўқув юкламасини белгиловчи шартли бирлик. У талаба томонидан тегишли ўқув ишларини бажаришга кетадиган вақт (соатлар)дан ташкил топади (шарҳга қаранг).
Бунда олий ўқув юртига қуйидагиларга рухсат этилади:
- ОЎМТВ билан келишган ҳолда ўқув жараёнининг АКТларни ривожлантириш суръатлари билан узлуксиз алоқасини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда ўқув режалар ва дастурлар, битирувчилар учун малака талабларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга;
- профессор ўқитувчилар таркиби меҳнатини ўқитишнинг кредит тизими шартларидан келиб чиқиб фақат таълимга хос тадбирлар асосида иш вақти хисобга олинишига асосланган ҳолда мустақил нормалашни амалга ошириш, шунингдек, педагогик ходимлар томонидан илмий-услубий, илмий-тадқиқот, ташкилий-услубий, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг бажарилишини рағбатлантиришга.
ТАТУда кредит тизими бўйича ўқитишнинг аниқ тартиби тасдиқлаш учун 2 ой муддатда Ҳукуматга киритилади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов.