Вазирлар Маҳкамасининг 16.09.2020 йилдаги “Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” 556-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат Президентнинг "Тошкент давлат аграр университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 19 августдаги ПҚ-4421-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Ҳужжатга асосан ОТМнинг ҳудудий бўлими мустақил юридик шахс ҳисобланади ва 2020/2021 ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлайди.
Қуйидагилар филиалнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- қишлоқ хўжалигида инновацион ресурс тежайдиган илғор технологияларни қўллаш, "Ақлли қишлоқ хўжалиги" (Smart agriculture) ва рақамлаштирилган агротехнологияларни жорий қилиш бўйича замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрларни тайёрлаш;
- ўқув-лаборатория базасини модернизациялаш, фан дастурларида соҳага оид инновацион ва замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, юқори унумли ҳамда ресурс тежайдиган илғор технологиялар бўйича билимларни акс эттириш;
- хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилари, илмий ва илмий-педагог кадрларининг малакасини оширишни ташкил этиш;
- кредит-модуль тизимини ўқув жараёнига жорий этиш борасида профессор-ўқитувчилар ўқув юкламасини меъёрлаштириш, шунингдек, педагог ходимлар томонидан ўқув-методик, илмий-тадқиқот ишлари, "устоз-шогирд" тизими бўйича ишларнинг бажарилишини рағбатлантириб бориш;
- илмий-тадқиқот институтлари билан манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳамкорлигида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш;
- кафедралар ихтисослиги бўйича илмий мактаб ва тўгаракларни, шунингдек, "Ёш олимлар клуби"ни (Young Scholars Club) ташкил этиш;
- профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар, талабаларнинг инновацион технологияларни яратиш ҳамда жорий этиш борасидаги ташаббускорлигини ва моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадида ДХШ шартлари асосида "кичик инновацион корхоналар" ташкил этиш;
- замонавий технологиялар ва интерактив таълим услубларини E-Minbar электрон платформаси, талабаларнинг мустақил ўқув ва амалий фаолиятини (кейс-стади, коучинг ва бошқалар) ривожлантириш орқали амалиёт ўташ, шунингдек, масофавий ўқитиш (вебинар технологиялар) тизимларини ва бошқаларни кенг жорий қилиш;
- қишлоқ хўжалиги ва унинг тармоқлари учун кадрлар тайёрлашнинг ўзаро боғлиқ тизимини ташкил этиш, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари таълим дастурларининг узлуксизлиги ва изчиллигини таъминлаш.
Қарор билан қабул квотаси тасдиқланди:
- бакалавриатга – 475 ўрин (улардан 95 таси давлат гранти бўйича, 380 таси –тўлов-контракт асосида);
- магистратурага – 40 ўрин (давлат гранти бўйича).
Кредит-модуль тизими жорий этилиши муносабати билан филиалда беш кунлик ўқиш белгиланади, шанба куни - мустақил ўзлаштириш куни.
Беларуснинг Гродно давлат аграр университети билан қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма таълим дастурлари (double degree) амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.09.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.