Президентнинг 24.01.2025 йилдаги ПҚ-25-сонли қарори билан Нукус давлат техника университети (НДТУ) ташкил этилмоқда.
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳузуридаги Нукус кончилик институти ва Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали негизида Нукус давлат техника университети ташкил этилади.
Янги олий ўқув юрти олдига қуйидаги вазифалар қўйилмоқда:
- саноат тармоқлари, техник-технологик ва муҳандислик йўналишлари учун мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
- таълим жараёнида фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини қўллаш;
- замонавий ўқув, илмий ва IT лабораторияларини яратиш, инновацион тадқиқотлар трансферини амалга ошириш.
Университет ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган, амалиётга йўналтирилган махсус таълим дастурлари асосида ўқитиш йўлга қўйилган Илғор муҳандислик мактаби ташкил этилади. Унга саноат ҳамкорлари сифатида йирик ишлаб чиқариш корхоналари бириктирилади.
Тебинбулоқ кон-металлургия комбинати таклифлари асосида мунтазам равишда мустақил таълим ва танлов фанлари дастурларига замонавий фанларни киритиш, шунингдек, университет талабаларининг малакавий амалиётини бевосита комбинатда ўтказишни таъминлаш режалаштирилмоқда.
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб университетда "экология ва атроф-муҳит муҳофазаси", "атроф-муҳит муҳандислиги", "кимёвий муҳандислик", "электр муҳандислиги", "қайта тикланувчи энергия манбалари", "технологик машиналар ва жиҳозлар" йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш улуши оширилади.
Ҳужжат билан:
- Нукус давлат техника университети фаолиятини ташкил этиш бўйича "Йўл харитаси";
- Нукус давлат техника университетига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилаётган объектлар рўйхати;
- Университетга бириктириладиган касб-ҳунар таълими муассасалари рўйхати тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.01.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова