Вазирлар Маҳкамасининг 26.02.2021 йилдаги «Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив хужжатларни тизимлаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги 110-сон қарори қабул қилинди.
Қарор билан Адлия вазирлиги, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида ўз ваколатлари доирасида фаолиятни амалга оширувчи давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ялпи хатловдан ўтказиш ва тизимлаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.
Қуйидагилар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни тизимлаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:
- ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни бартараф этиш, энг аввало, тадбиркорлик фаолиятига нисбатан тартибга солиш юкини камайтириш, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни мақбуллаштириш;
- эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларга уйғунлаштириш;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш билан боғлиқ муаммоларини таҳлил қилиб бориш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш орқали техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни такомиллаштириш;
- техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни халқаро норма ва стандартларга мувофиқлаштириш ва бошқалар.
Ҳужжат билан Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни тизимлаштириш бўйича идоралараро комиссия (кейинги ўринларда – Комиссия) таркиби тасдиқланди.
Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- Комиссия таркибига кирувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро келишилган ҳолда фаолият юритишини таъминлаш;
- Лойиҳа офисини ташкил этиш, унинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва унга методик ёрдам кўрсатиш;
- техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни тизимлаштириш, таҳлил қилиш, қайта кўриб чиқиш ва заруратга қараб янгилаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
- техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органларининг маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар хавфсизлигига доир мажбурий талабларни белгилаш, қўллаш ва бажариш билан боғлиқ фаолиятига кўмаклашиш;
- техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги муаммоларни комплекс таҳлил қилиш, шунингдек Вазирлар Маҳкамасига, ваколатли давлат органлари ва ташкилотларига таклифлар киритиш ва бошқалар.
Ҳужжат билан Адлия вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Идоралараро комиссия ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Лойиҳа офисини ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқулланди.
Лойиҳа офиси Комиссиянинг ишчи органи вазифасини бажаради. Лойиҳа офисининг раҳбари ва бошқарув ходимлари Комиссия раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
Қарорда белгиланишича, Лойиҳа офисининг молиявий барқарорлигига эришилгунга қадар, лекин 3 йилдан кўп бўлмаган муддатда уни сақлаш Адлия вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Давлат активларини бошқариш агентлигига Адлия вазирлиги билан биргаликда 2 ҳафта муддатда Лойиҳа офисининг текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилишини таъминлаш топширилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.02.2021 йилдан кучга кирди.
Баҳодир Бухорий.