Президентнинг 19.09.2018 йилдаги «Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони имзоланди. Ҳужжат ЎзАда жойлаштирилган.
Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон фуқароларининг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссияси (Комиссия) тузилди.
Маълумот учун: террорчилик гуруҳи – олдиндан тил бириктириб террорчилик ҳаракатини содир этган, бундай ҳаракатга тайёргарлик кўрган ёки уни содир этишга суиқасд қилган шахслар гуруҳи. Террорчилик ташкилоти – 2 ёки ундан ортиқ шахснинг ёки террорчилик гуруҳларининг террорчилик фаолиятини амалга ошириш учун барқарор бирлашуви («Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддаси).
Экстремистик гуруҳ – олдиндан тил бириктириб экстремистик фаолиятни амалга ошираётган ёки уни содир этишга суиқасд қилаётган икки ёки ундан ортиқ шахс. Экстремистик ташкилот – экстремистик фаолиятни амалга оширганлиги туфайли ўзига нисбатан фаолиятини тугатиш ёки тақиқлаш тўғрисида суднинг қонунда назарда тутилган асослар бўйича қонуний кучга кирган қарори қабул қилинган ташкилот («Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси).
Мурожаатларни кўриб чиқиш ва жиноий жавобгарликдан озод этишнинг аниқ механизми бироз кейин алоҳида тасдиқланади. Бироқ ҳозирданоқ 2018 йил 1 ноябрдаги «амнистия» қуйидаги фуқароларга дахл этиши маълум:
- айбини бўйнига олиш тўғрисида шахсан арз қилиб келса, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлса ва тузалиш йўлига ўтган бўлса;
- жиноий фаолият ва бошқа ҳуқуққа хилоф қилмишларни фош этишда фаол ёрдам берган бўлса;
- тақиқланган ташкилотлар сафига алдов йўли билан жалб этилган бўлса;
- тақиқланган ташкилотларнинг ғоявий ёки маънавий раҳнамоси бўлмаган бўлса;
- жанговар ҳаракатларда ва қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишда иштирок этмаган бўлса;
- террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида тақиқланган ташкилотларда ўқув, махсус ёки ҳарбий тайёргарликдан ўтмаган бўлса;
- террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида чиқиш ёки ҳаракатланишни амалга оширмаган бўлса;
- халқаро терроризмни молиялаштиришда иштирок этмаган бўлса;
- террористик, экстремистик ва бошқа бузғунчи ғоялар мавжуд бўлган материалларни адашиб ёки ахборот-коммуникация воситаларида тарқатишга қасд қилмаган ва бундай мақсадни кўзламаган ҳолда сақлаган бўлса.
Комиссия хулосасига асосан улар жиноий жавобгарликдан озод этилади. Салбий хулоса чиқарилган тақдирда барча ҳолатлар ўрнатилган тартибда кўриб чиқилади. Бунда жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Комиссия бунга ҳақли бўлмаган ҳолларда ҳам жавобгарликдан озод этишга йўл қўйишини инобатга олиш лозим. Масалан, террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтган, чиқиб кетган ёки ҳаракатланган (ЖКнинг 155-2-моддаси) ёки терроризмни молиялаштирган (ЖКнинг 155-3-моддаси) шахслар чин кўнгилдан пушаймон бўлганда. Бироқ бу масала ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноят ишларини кўриш доирасида ҳал этилади, кўриб чиқилаётган Президент Фармони эса бундай ҳолларда қўлланмайди.
Фуқароларнинг қилмишига пушаймонлиги ҳамда айбини бўйнига олиши тўғрисидаги аризалари хорижда уларнинг яшаш жойи бўйича Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарига ёхуд мамлакатимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига берилади.
Ушбу Фармон билан жиноий жавобгарликдан озод этилиб, тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этиш билан боғлиқ жиноятни қайта содир этган шахснинг такрорий мурожаати кўриб чиқилмайди.
Олег Заманов.