Президент 20.06.2017 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Унинг матнини ЎзА тарқатди.
Тегишли ихтисосли йўналишлари бўйича тиббиёт ташкилотларининг 4 даражали тизими шакллантирилди. Тегишли республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази ҳар бир ихтисослашган йўналиш бўйича бош тиббиёт ташкилоти бўлди.
Бунинг учун акциядорлик жамияти шаклида фаолият юритаётган қатор республика тиббиёт марказлари давлат муассасасига айлантирилди. Бир нечта республика даволаш-профилактика муассасаларининг номи эса республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларига ўзгартирилди.
Бу муҳим! Янги тизимнинг асосий вазифаси – мамлакатнинг барча минтақаларида аҳолининг фойдаланишини таъминлаш мақсадида жойларда ихтисослаштирилган хизматлар кўрсатиш.
Демак, бошланғич тиббиёт-санитария ёрдами ташкилотлари даражасида фуқаролар туман (шаҳар) ва вилоят даражасидаги ташкилотларнинг тор ихтисосдаги мутахассисларидан маслаҳатлар олишлари мумкин бўлади. Улар махсус тасдиқланган жадвал асосида бирламчи бўғин ташкилотларида навбатчилик қиладилар. Худди шу ерда алоҳида турдаги даволашлар ва диагностикадан фойдаланишлари мумкин бўлади.
Туман (шаҳар) даражасида тиббий хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган янги ихтисосли бўлимлар барпо этилади. Яъни асосий эътибор туман (шаҳар) бўғинидаги муассасаларга қаратилади.
Вилоят даражасида замонавий юқори технологик тиббий хизматлар кўрсатилади. Шу тариқа, мижозларнинг аксарияти даволаниш учун пойтахтга келишига тўғри келмайди.
Республика даражасида эса энг замонавий юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатилади.
Ҳужжат билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури ҳам тасдиқланди. Уни рўёбга чиқариш учун 373,5 млрд. сўмдан зиёд и 100 млн. АҚШ долларидан ортиқ маблағ йўналтирилади. Улардан 60 млрд.сўм объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга, 97 млн. АҚШ долларидан ортиқ маблағ эса замонавий тиббиёт асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга сарфланади.
Қулай иқтисодий шарт-шароитлар яратиш мақсадида 1.01.2022 йилгача:
- аҳолига пулли тиббий хизматлар кўрсатувчи соғлиқни сақлаш давлат тизимининг тиббиёт ташкилотлари (стоматология ва косметология хизматлари бундан мустасно) солиқларнинг барча турларини ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилди, бўшайдиган маблағлар тиббиёт ташкилотларини замонавий тиббий, муҳандислик-техник ускуналар билан жиҳозлашга ва унга сервис ва техник хизмат кўрсатишга, эҳтиёт қисмлар, сарфлаш материаллари, инвентарь ва бошқа тиббий буюмлар харид қилишга, янги бинолар ва иншоотларни қуришга, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашга йўналтирилади;
- белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича соғлиқни сақлаш давлат тизимининг тиббиёт ташкилотлари хориждан олиб келинадиган тиббиёт ускунаси, бутловчи буюмлар, тиббиёт ускунасига эҳтиёт қисмлар ва сарфлаш материаллари учун божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) озод қилинди;
- соғлиқни сақлаш давлат тизимининг тиббиёт ташкилотлари маҳаллий мутахассисларининг малакасини ошириш жараёнига жалб этиладиган хорижий олимлар, врачлар ва мутахассислар тузилган меҳнат шартномалари доирасида олинадиган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод этилди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.