Вазирлар Маҳкамаси томонидан 12.06.2021 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 366-сон қарор қабул қилинди.
Ҳужжат Президентнинг 25.03.2021 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-5038-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Низомда қуйидагилар назарда тутилади:
- Агентликнинг ҳуқуқий мақоми, тузилмаси, асосий вазифалари ва функциялари;
- Агентлик фаолиятини ташкил этиш тартиби;
- Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, ўз таркибий бўлинмалари билан ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиши;
- Агентлик раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ва жавобгарлиги;
- Агентликни молиялаштириш ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш.
Агентликка қуйидагиларни тасдиқлаш топширилди:
- бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармалари тўғрисидаги низомларни;
- икки ой муддатда ҳудудий бошқармалар томонидан туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимлари тўғрисидаги низомларни.
Низомга мувофиқ Агентлик кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб борувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади. Агентлик юридик шахс ҳисобланади, у Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 12А-уй манзилида жойлашган.
Агентлик тузилмасига қуйидагилар киритилади:
- Агентликнинг марказий аппарати;
- ҳудудий бошқармалар;
- туман (шаҳар) бўлимлари;
- идоравий мансуб ташкилотлар;
- «Саховат» кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйлари;
- «Мурувват» ногиронлиги бўлган ҳамда болалигидан ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйлари;
- уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати;
- кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийлар;
- ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази;
- ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш ҳудудий марказлари;
- одам савдосидан жабрланганларга ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича республика реабилитация маркази;
- республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари.
Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари жумласига киритилган:
- кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
- тиббий-ижтимоий муассасаларнинг, шу жумладан «Мурувват» ногиронлиги бўлган ҳамда болалигидан ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйлари, шунингдек «Саховат» кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйларининг кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш;
- ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий, касбий ва ижтимоий реабилитация қилиш соҳасида ижтимоий тадқиқотлар ўтказилишини ҳамда мутахассислар тайёрлашни ташкил этиш;
- муҳтож шахсларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш фаолиятини ташкил этиш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.06.2021 йилдан кучга кирди.
Наргиза Воҳидова.