Соғлиқни сақлаш вазири томонидан «Меҳнатга лаёқатсизлик варақасини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги буйруқ қабул қилинди (рўйхат рақами 2667-3, 15.07.2021 й.).
Ҳужжат Президентнинг 22.09.2020 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6065-сон Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 12.06.2021 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 366-сон қарорига мувофиқ қабул қилинди.
Биринчидан, Йўриқноманинг 5-бандига қуйидагича ўзгартириш киритилди: соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимларига тегишли даволаш-профилактика муассасалари меҳнатга вақтинча лаёқатсизликни экспертиза қилиш ёки тиббий-ижтимоий экспертизаси (илгари – тиббий-меҳнат экспертизаси) бўйича етарли малакали ходимга эга бўлган тақдирда, меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномалари беришга ҳақли. Тегишинча, белгиланишича, бемор тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига (илгари – тиббий-меҳнат эксперт комиссияси) юборилади.
Иккинчидан, мактабгача таълим ташкилотида ёки 6 ёшга тўлмаган болага ўрнатилган карантин даврида болага қараш учун ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига карантин белгиланган муддатга санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ҳудудий бўлинмалари томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади (илгари Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг ҳудудий ва туман (шаҳар) эпидемиологик осойишталик марказлари томонидан берилган).
Учинчидан, меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномалари паспорт ёки идентификация ID-картаси асосида, тузатиш ва қисқартиришларсиз, кўк ёки қора рангли ручкада расмийлаштирилади (илгари – ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилганда).
Тўртинчидан, 2-илова (Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси) ва 2-илова (Мастлик ҳолати бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси) янги таҳрирда қабул қилинди.
Бошқа ўзгартиришлар ҳам киритилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.07.2021 йилдан кучга кирди.
Наргиза Воҳидова.