Ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисида низом тасдиқланди (ВМнинг 29.04.2019 йилдаги 363-сон қарорига қаранг).
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2019 йил 1 февралдан ваколатли иқтисодий операторлар институти жорий этилди (24.11.2018 йилдаги ПФ–5582-сон Фармонга қаранг). Ушбу мақом ТИФнинг ҳалол иштирокчиларига соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқини беради. Тегишли низом лойиҳаси ўтган йил декабрда жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган ва махсус семинарда кўриб чиқилган эди.
ДБҚ Ваколатли иқтисодий операторлар реестри – божхона операцияларини амалга оширишда соддалаштирилган тартиб-таомиллардан фойдаланиш ҳуқуқи бериладиган юридик шахслар рўйхатини шакллантиради. Реестр қўмитанинг расмий сайтида жойлаштирилади. 2019 йил 1 июнгача белгиланган мезонларга мос келадиган субъектлар тажриба доирасида илк бор танлаб олиниб, Реестрга киритилади.
Реестрга киритиш учун ДБҚга ёзма ариза тақдим этиш лозим (давлат хизматлари маркази орқали ҳам тақдим этиш мумкин). Ариза рўйхатга олинган кундан бошлаб 30 иш куни ичида кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди. Кўриб чиқиш якунларига кўра кўрсатилган муддатда ариза берувчига уни Реестрга киритиш ёки киритишни рад этиш тўғрисида ёзма хабарнома юборилади.
Операторларнинг иккита тоифаси назарда тутилган, уларнинг ҳар бирига муайян соддалаштиришлар турлари тақдим этилади. Юридик шахс «А» тоифасини олиш учун қуйидаги мезонларга мос келиши лозим:
- божхона органларига мурожаат қилингунга қадар 1 йил мобайнида МЖТКнинг 174, 175, 176, 177 ва 227–22727-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун юридик шахснинг раҳбари ва бош бухгалтери, шунингдек ваколатли шахсининг маъмурий жавобгарликка жалб қилинганлик ҳолатлари мавжуд бўлмаслиги;
- божхона органларига мурожаат қилингунга қадар сўнгги 5 йил мобайнида юридик шахснинг раҳбари ва бош бухгалтери, шунингдек ваколатли шахси ЖКнинг 182, 184, 189, 209, 228 ва 246-моддаларида назарда тутилган жиноят учун жиноий жавобгарликка тортилган ҳолатлари мавжуд бўлмаслиги;
- солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, шу жумладан улар бўйича жарима ва пенялар тўлаш юзасидан қарздорлик мавжуд бўлмаслиги;
- божхона органларига мурожаат қилгунга қадар камида 3 йил ташқи иқтисодий фаолият амалга оширилган бўлиши;
- товарларни сақлаш учун омбор сифатида фойдаланишга мўлжалланган (фойдаланиш ёки эгалик қилиш ҳуқуқида) иншоотлар, бинолар (биноларнинг бир қисми) ва (ёки) очиқ майдончаларга (очиқ майдончаларнинг бир қисми) эга бўлиш;
- импорт ва (ёки) экспорт қилинган товарларнинг фактура қиймати бир йилда камида 2 млн АҚШ доллари эквивалентини ташкил қилиши ва сўнгги 12 ой мобайнида камида 100 та импорт ва (ёки) экспорт БЮД расмийлаштирилган бўлиши ёки тўланган божхона тўловларининг суммаси ЭКИҲнинг камида 20 000 баробарини ташкил қилиши ва камида 50 та импорт ва (ёки) экспорт БЮД расмийлаштирилган бўлиши лозим.
«Б» тоифаси камида бир йил «А» тоифасидаги оператор сифатида ТИФни амалга оширган ва тегишли ариза тақдим этган субъектга берилади.
Оператор Реестрга киритилган кундан бошлаб махсус соддалаштирилган тартиб-таомиллардан фойдаланиши мумкин (қуйидаги жадвалга қаранг).
«А» тоифаси (базавий соддалаштиришлар) |
«Б» тоифаси («А» тоифасидаги соддалаштиришларга қўшимча равишда) |
товар ва транспорт воситаларини чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинганда, операторнинг товарлари ва транспорт воситаларига божхона назорати шаклларини қўлламаслик, таваккалчиликларни бошқариш тизими томонидан белгиланадиган чоралар бундан мустасно |
товарларни чиқаришда уларнинг божхона қийматини шартли равишда аниқлашда божхона тўловлари тўланиши таъминланишини талаб қилмаслик
|
товарларни декларациялаш ва чиқариш билан боғлиқ божхона операцияларини биринчи навбатда амалга ошириш
|
алоҳида ҳужжатлар (мувофиқлик сертификати) мавжуд бўлмаганда, товарларни (озиқ-овқат товарлари ва фармацевтика маҳсулотлари бундан мустасно) шартли равишда чиқариш ва ҳужжатларни кейинчалик олтмиш календарь куни давомида тақдим этиш |
оператор томонидан ташиладиган товарларга нисбатан товарни ташиш йўналишини белгиламаслик
|
экспортга жўнатиладиган товарлар юкланган транспорт воситаларининг юкхоналари (отсеклари) ёки уларнинг бир қисмига оператор томонидан қўйилган пломбаларнинг давлат божхона хизмати органлари томонидан идентификация воситалари сифатида тан олиниши |
операторнинг товарларини божхона жўнатиш органидан белгиланган жойга божхона тўловлари тўланишини таъминламасдан етказиб бериш |
божхона тўловлари тўланишини таъминламасдан, божхона тўловларини бўлиб тўлаш ва (ёки) муддатини олтмиш иш кунигача кечиктирган ҳолда, товарларни эркин муомалага чиқариш |
товарларни операторнинг очиқ майдонлари, бинолари ва бошқа ҳудудларига божхона назоратида жойлаштириш
|
давлат божхона хизмати органлари томонидан божхона операцияларини амалга ошириш вақтини қисқартириш ва тартибини такомиллаштириш бўйича амалга ошириладиган тажриба лойиҳалари ва синовларда иштирок этиш |
божхона органлари билан келишилган ҳолда, операторнинг очиқ майдонлари ва бошқа ҳудудларида товарларни чиқариш билан боғлиқ божхона операцияларини амалга ошириш |
божхона масалаларини мувофиқлаштириш ва ҳал қилишда операторга кўмаклашиш учун давлат божхона хизмати органларининг масъул ходимини (координатор) тайинлаш
|
операторнинг транспорт воситасида божхона транзити амалга оширилаётганда божхона тўловлари тўланиши таъминланишини талаб қилмаслик |
|
божхона тўловлари тўланишини таъминламасдан, божхона тўловларини бўлиб тўлаш ва (ёки) муддатини йигирма иш кунигача кечиктирган ҳолда, товарларни эркин муомалага чиқариш |
«Б» тоифасидаги операторларга жадвалда кўрсатилмаган, Ўзбекистон ўзаро тегишли шартномалар тузган хорижий давлатлар ҳудудида қўлланиладиган бошқа имтиёзлар ва махсус соддалаштиришлар ҳам тақдим этилиши мумкин.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.04.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.