Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида «Фуқароларнинг ўзаро сафарлари тўғрисида»ги Битим (Душанбе, 9.03.2018 йил) эълон қилинди.
Маълумот учун: Битим Президентнинг 14.03.2018 йилдаги ПҚ–3604-сон қарори билан тасдиқланди ва мамлакатимиз учун 19.03.2018 йилдан кучга кирди. Илгарироқ ўзбек-тожик чегарасидаги ўтказиш пунктлари ўз ишини тиклади.
Аввалги аҳдлашувлар доирасида қуйидагилар иккала мамлакат ҳудудида 30 сутка давомида бўлиши мумкин эди:
- амалдаги дипломатик паспортлар эгалари;
- расмий давлат ва ҳукумат делегациялари таркибида борувчи фуқаролар;
- хизмат сафарларини амалга оширувчи муайян даражадаги мансабдор шахслар (Ўзбекистон томонидан – вазир ўринбосарлари ва хизмат мақомига кўра уларга тенглаштирилган шахслар, вилоятлар ҳокимлари ўринбосарлари, республика ва вилоят бўйсунувидаги туманлар, шаҳарлар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарларидан қуйи лавозимда бўлмаганлар).
Янги тартибга кўра Ўзбекистон ва Тожикистоннинг барча фуқаролари тегишли ҳужжатлари мавжуд бўлганда (қуйидаги жадвалга қаранг) 30 суткагача муддатга киришлари, чиқишлари, транзит ўтишлари ва вақтинча бўлишлари мумкин. Давлатларимизнинг чегараолди туманларида амал қилган алоҳида режим ва бўлиш муддати бекор қилинди.
Ўзбекистон фуқароларининг кириши, чиқиши ва Тожикистон ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиши учун ҳужжатлар
|
Тожикистон фуқароларининг кириши, чиқиши ва Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиши учун ҳужжатлар
|
Ўзбекистон Республикасининг дипломатик паспорти (биометрик намунадаги) |
Тожикистон Республикасининг дипломатик паспорти (биометрик намунадаги) |
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик намунада бўлмаган, 1.07.2018 йилгача амал қилувчи паспорти (фақат Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун) |
Тожикистон Республикасининг дипломатик паспорти (1.02.2022 йилгача) |
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти |
Тожикистон Республикасининг хизмат паспорти (биометрик намунадаги) |
Хорижга чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти (1.01.2019 йилдан бошлаб) |
Тожикистон Республикасининг хизмат паспорти (1.02.2022 йилгача) |
Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун сертификат (фақат Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун) |
Тожикистон Республикасининг умумфуқаро хорижий паспорти (биометрик намунадаги) |
Тожикистон Республикасининг умумфуқаро хорижий паспорти (1.02.2022 йилгача) |
|
Тожикистон Республикасига қайтиш учун гувоҳнома |
Хизмат вазифалари бўйича келган фуқароларни вақтинча прописка қилиш ва рўйхатдан ўтказиш жадвалда кўрсатилган ҳужжатлар, шунингдек хизмат ва хизмат сафари гувоҳномалари асосида бож ва йиғимларни ундирмай амалга оширилади.
Бу – муҳим! 30 суткадан ортиқ муддатга кириш ва мамлакатда бўлиш учун виза расмийлаштириш керак. Кўп марталик кириш-чиқиш визаларини расмийлаштирганлик учун консуллик йиғими миқдори ўзгармади: 6 ойгача – 10 АҚШ доллари, 1 йилгача бўлса – 20 АҚШ доллари. Бунда қуйидагилар консуллик йиғими тўлашдан озод қилинади:
- фан, техника, таълим, маданият, санъат ва спорт соҳасида айирбошлаш тартибида борувчи шахслар;
- Улуғ Ватан уруши фахрийлари ва уларга тенглаштирилган шахслар, 1 ва 2-гуруҳ ногиронлари – тегишли гувоҳномаларни тақдим этганда;
- 16 ёшгача ва 60 ёшдан ошган фуқаролар;
- таклиф этувчи ўқув муассасаларининг илтимосномалари асосида ўқув муассасаларида, курсларда таълим олувчилар.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов.