“Халқаро цирк санъати” фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (ВМнинг 27.06.2019 йилдаги 535-сон қарори).
У 2021 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта Тошкент шаҳрида ўтказилади. Маданият вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги уни ташкил этиш ва ўтказиш учун масъул ҳисобланади. Бир ой муддатда фестиваль веб-сайти тайёрланиб, Интернетга жойлаштирилади ҳамда мунтазам равишда мазкур тадбир ҳақидаги янгиликлар, фотосуратлар, аудио ва видео материаллар билан янгилаб борилади.
Фестиваль доирасида цирк усталарининг халқаро кўрик-танлови ўтказилади. Кўрик-танловда иштирок этишни истаганлар уни ўтказиш санасидан 2 ой олдин Маданият вазирлигига ҳужжатларни тақдим этишлари лозим.
Кўрик-танлов иштирокчилари қуйидаги тўртта йўналиш бўйича баҳоланади:
- гимнастика;
- акробатлар;
- ҳайвонлар олами;
- махсус (оригинал) чиқишлар.
Кўрик-танлов ғолиблари диплом, статуэтка ва қуйидаги пул мукофотлари (ҳар бир йўналиш доирасида биттадан) билан тақдирланади:
- I - ўрин - 5 000 АҚШ доллари;
- II - ўрин - 3 500 АҚШ доллари;
- III - ўрин - 2 000 АҚШ доллари.
Фестивалнинг ҳар бир қатнашчисига тегишли сертификат берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.06.2019 йилдан кучга кирди.