Вазирлар Маҳкамасининг 17.08.2018 йилдаги «Давлат-хусусий шериклик асосида марказлаштирилган клиника-диагностика лабораторияси ташкил этиш тўғрисида»ги 674-сон қарори эълон қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ «Ягона клиника-диагностика лабораторияси» бошқарув компанияси» МЧЖ (бундан кейин – «ЯКДЛ» БК МЧЖ) истисно тарзида, бевосита музокаралар асосида концессион шартнома тузган ҳолда Тошкентда тажриба тариқасида марказлаштирилган клиника-диагностика лабораториясини ташкил этади.
Маълумот учун: концессия – давлат номидан инвесторга концессион шартнома асосида мол-мулк, ер ва ер ости участкаларини бериш билан боғлиқ хўжалик фаолиятининг муайян турини амалга ошириш учун бериладиган рухсатнома. Концессион шартнома, тегишинча, концессионер (инвестор) ва давлат номидан ваколат берилган концессион орган ўртасида тузилади.
Белгилаб қўйилганидек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ Тошкент ва Тошкент вилоятининг тиббиёт ташкилотлари марказлаштирилган клиника-диагностика лабораторияси хизматлари билан қамраб олинади.
Лойиҳа натижаларига кўра марказлаштирилган клиника-диагностика лабораторияси хизматлари республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам оммалаштирилиши мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда узоқ муддатда (15 йилгача) эгалик қилиш ва фойдаланиш мақсадида концессионерга бериш учун объектларни бир ой муддатда белгиланган тартибда танлаб олишни таъминлаш вазифаси топширилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва концессионер билан биргаликда қуйидагиларни бир ой муддатда ишлаб чиқади ва концессион шартнома лойиҳасига киритади:
- лаборатория тадқиқотларини босқичма-босқич марказлаштиришда қатнашувчи тиббиёт ташкилотлари рўйхати;
- тиббиёт ташкилотларини марказлаштирилган клиника-диагностика лабораторияси хизматлари билан қамраб олиш ҳар бир босқичининг аниқ муддатлари;
- соғлиқни сақлаш соҳасига ажратиладиган бюджет маблағлари ва ҳар бир тадқиқот тури бўйича бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми доирасида лаборатория диагностикаси бўйича тиббий ёрдам кўрсатиш ҳажмлари;
- концессионер хизматининг энг юқори қийматини аниқлаш мақсадида ҳар бир тадқиқот тури бўйича лаборатория диагностикаси хизматининг энг юқори қиймати;
- ташкил этилаётган марказлаштирилган клиника-диагностика лабораториясига, шунингдек лаборатория жиҳозлари спецификациясига қўйиладиган техник талаблар.
2018 йил 1 октябргача бўлган муддатда концессионер томонидан шартнома бўйича ўз ҳуқуқларини учинчи шахсларга бера олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолда «ЯКДЛ» БК МЧЖ билан концессион шартнома тузилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.08.2018 йилдан кучга кирди.