Президентнинг 29.12.2017 йилдаги ПҚ-3451-сон “Хорижий давлатларда кўргазма тадбирларини ўтказиш учун мўлжалланган товарларни олиб чиқиш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввал бизнинг порталимизда мазкур ҳужжат лойиҳасининг шарҳи эълон қилинган эди.
Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб, тадбиркорлик субъектларига хорижий давлатларда ўтказиладиган кўргазма ва ярмаркаларда намойиш этиш учун мўлжалланган қиймати 5000 АҚШ долларигача бўлган товарларни экспорт контракти тузмасдан ҳамда БЮДни расмийлаштирмасдан, товарларнинг юк ҳужжатларига мувофиқ олиб чиқишга рухсат этилади. Бироқ ушбу тартиб рўйхат бўйича қатор хом ашё товарларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Лойиҳа билан назарда тутилган, бу ҳақда божхона органларини хабардор қилиш тартиби аниқлаштирилди. Демак, тадбиркорлик субъекти товарларни олиб чиқишда кесиб ўтиладиган чегара божхона постини кўргазмада ёки ярмаркада унинг иштирок этиши режалаштирилаётгани, тадбир ўтказиладиган жой, унинг муддати ва вақти, шунингдек, олиб чиқиладиган товарлар тўғрисида хабардор қилади.
Лойиҳанинг қолган қоидалари ўзгаришсиз тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Ленара Хикматова.