Вазирлар Маҳкамасининг 20.02.2024 йилдаги “Қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 97-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг 13.02.2024 йилдаги ПҚ-71-сон қарори билан 2024-2025 йилларда тажриба тариқасида пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни, шу жумладан тупроқнинг гумус миқдорини ошириш бўйича агротехник тадбирлар учун ердан фойдаланувчиларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар бир гектар майдонга 1 млн сўмдан субсидия ажратилади.
Тупроқ унумдорлигини ошириш, мавжуд ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш мақсадида ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2024-2025 йилларда пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш учун субсидия ажратиш тажрибаси ўтказиладиган туманлар рўйхати;
- Пахта майдонларида тупроқнинг гумус миқдори ва унумдорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури.
Шунингдек, ҳужжат билан Пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш бўйича агротехника тадбирлари учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди. У қуйидагиларни назарда тутади:
- субсидия ажратиш шартлари;
- субсидия олиш хоҳишини билдирган
- ердан фойдаланувчиларнинг рўйхатини шакллантириш тартиби;
- илмий асосланган агротехника тадбирларини амалга ошириш режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби;
- субсидия ажратиш бўйича талаб этиладиган ҳужжатлар, уларни кўриб чиқиш ҳамда субсидия ажратиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш тартиби;
- пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш бўйича агротехника тадбирларини назорат қилиш тартиби.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.02.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова